Украина бош прокурори офисида тинтув ўтказилди

Украина бош прокурори офисида тинтув ўтказилди

Украина Коррупцияга қарши миллий бюроси (КҚМБ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КҚИП) 4 сентябр куни «фирибгарлик колл-марказлари тармоғига ҳомийлик қилиш ва мол-мулкни легаллаштиришга алоқадор жиноий ташкилотни фош этиш» бўйича операция ўтказилаётганини маълум қилди.

Коррупцияга қарши органлар тергов версиясига кўра, мазкур жиноий ташкилотга Украина бош прокурори офиси ходими раҳбарлик қилганини билдирди.

Операциянинг батафсил тафсилотлари кейинроқ эълон қилиниши айтилган. Шу куни КҚМБ ва КҚИП ходимлари Бош прокурор офисида тинтув ўтказган.

Бош прокурор офиси тергов ҳаракатлари ўтказилганини тасдиқлади. Шу билан бирга, КҚМБ ва КҚИПнинг гумонлари бевосита Украина бош прокурори Руслан Кравченкога тааллуқли эмаслиги таъкидланди.

Бош прокурор офиси коррупцияга қарши органларга қонун доирасида тўлиқ кўмак ва зарур маълумотларни тақдим этишини билдирди.

Шунингдек, ноқонуний фаолиятга эҳтимолий алоқадорлиги текширилаётган прокуратура ходими судгача тергов давомида хизмат вазифаларини бажаришдан четлаштирилиши маълум қилинди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: