Эрон АҚШ банклари орқали миллиардлаб доллар ўтказмоқда

Эрон АҚШ банклари орқали миллиардлаб доллар ўтказмоқда

АҚШнинг қаттиқ санкцияларига қарамай, Эрон билан боғлиқ миллиардлаб доллар ҳар йили Америка банклари ҳисоб рақамлари орқали ўтказилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, фақат 2024 йилнинг ўзида АҚШ молиявий тизими орқали Теҳроннинг яширин молиявий тармоқлари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган тахминан 9 миллиард доллар ўтказилган. Гап Эрон ва АҚШ кредит ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри операциялар ҳақида кетмаяпти.

Санкцияларни четлаб ўтиш учун Теҳрон асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Гонконг ва бошқа юрисдикцияларда рўйхатдан ўтган сохта компаниялар, воситачилар ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларидан иборат кенг тармоқдан фойдаланади. Бу тузилмалар АҚШ молия институтлари билан корреспондентлик муносабатларига эга бўлган хорижий банкларда ҳисоб рақамлар очади.

Халқаро ҳисоб-китобларнинг катта қисми долларда амалга оширилгани сабабли, ушбу операциялар якунда АҚШ банклари орқали ўтади. Бироқ уларнинг Эрон билан алоқаси турли усуллар орқали яширилади.

АҚШ расмийлари Эронга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қаратилган йирик схема аниқланганини маълум қилган. Унда Миср давлат банкининг БААдаги «Миср» банк филиаллари орқали АҚШ молиявий тизимига тахминан 1,8 миллиард доллар киритилган бўлиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: