Эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаганлар ҳомиладорлиги ҳақида хабар бермаганлар жаримага тортилиши мумкин
Ўзбекистонда эрта никоҳ ҳамда 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар ўртасидаги ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбуриятини бажармаган шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Таклифга кўра, бундай ҳолатлар ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериши шарт бўлган, аммо бу мажбуриятни бажармаган давлат органлари ёки ташкилотлар мансабдор шахслари ва ходимлари жаримага тортилиши мумкин.
Жавобгарлик чоралари ФҲДЁ бўлимлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда диний ташкилотлар вакилларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Таклиф этилаётган тартибга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бермаган фуқаролар ва ходимларга 3–5 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 5–10 БҲМ миқдорида жарима солиш белгиланмоқда. Ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори янада оширилиши мумкин.
Шунингдек, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида тегишли органларга хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизми ҳам белгиланиши кўзда тутилган.
