Тошкентда трансмиллий наркотармоқ фош этилди: 14 киши қўлга олинди
Автомашина салонига яширилган ярим килограмм «альфа-PVP»дан бошланган тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистонда фаолият юритган трансмиллий жиноий уюшманинг 14 нафар аъзоси қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Юнусобод, Янгиҳаёт, Бектемир ва бошқа ҳудудларида олтита йўналишда кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирларини ўтказган.
Дастлабки тадбир давомида 2005 йилда туғилган, нуфузли олий таълим муассасасининг 3-босқич талабаси қўлга олинган. У интернет-наркодўконда «кладмен» сифатида ишлаб келгани аниқланган.
У бошқарувидаги «Onix» автомашинаси Янгиҳаёт туманидаги постда тўхтатилиб текширилганда, салон қисмига яширилган 500 грамм «альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик воситаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Кейинги тезкор тадбирларда жиноий уюшманинг Наманган вилоятида фаолият юритган аъзоси ҳам қўлга олинган. Тергов-тезкор ҳаракатлари давомида қўлга олинган шахсларнинг ягона наркотармоққа бирлашгани аниқланган.
Халқаро ҳамкорлик натижасида эса уюшма етакчиларидан бири хорижий давлат ҳудудида яшириниб юргани аниқланиб, ўша давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган.
Тадбирлар якунига кўра, жиноий уюшманинг 7 нафар омборчиси ва улар билан ишлаган 6 нафар «докладчик», шунингдек, уюшма етакчиларидан бири қўлга олинган.
Жами 14 нафар турли даражадаги уюшма аъзоси қўлга олиниб, улардан 71 433 та бир марталик дозага тенг 2 килограмм 500 грамм «альфа-PVP» синтетик гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан барча қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
