Хитой гуманоид роботларни жангларда қўллашга тайёрламоқда

Хитой гуманоид роботларни жангларда қўллашга тайёрламоқда

Хитой мудофаа тузилмалари гуманоид роботларни ҳарбий мақсадларда қўллаш бўйича тадқиқотларни жадаллаштирмоқда. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, Пекин келажакда бундай роботларни жанг майдонида қўллаш имкониятини ҳам ўрганмоқда.

Агентлик 100 дан ортиқ харид ҳужжатлари, илмий ишлар, патентлар, расмий маълумотлар ва мудофаа компаниялари материалларини таҳлил қилган. Улар Хитой ҳарбий муассасалари гуманоид роботларни жанг майдони талабларига мослаштириш, уларни ўқитиш учун зарур технология ва ускуналарни харид қилиш ҳамда роботларни ҳарбий хизматчилар билан биргаликда ишлатиш имкониятларини ўрганаётганини кўрсатган.

Хитой Халқ-озодлик армияси Мудофаа илмий-техника университети тадқиқотчилари 2025 йил август ойида шаҳар шароитидаги жанг сценарийсини тасвирлаган. Унда олти нафар робот икки ҳужум гуруҳи таркибида ҳарбийлар билан бирга бинога кириб, уни тозалаш операциясида иштирок этади.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бундай операциялар учун зарур технология ва ускуналар яқин 5–10 йил ичида пайдо бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирча Хитой Халқ-озодлик армиясида қуролланган гуманоид роботлар амалда жангларда қўлланаётганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.

BofA Global Research баҳосига кўра, 2025 йилда Хитой ишлаб чиқарувчилари дунёдаги гуманоид роботлар етказиб беришининг тахминан 95 фоизини таъминлаган.

Мутахассислар фикрича, Хитойда гуманоид роботларнинг фуқаролик соҳасида жадал ривожланаётгани мамлакат ҳарбий тузилмаларига тайёр ишлаб чиқариш қувватлари ва технологияларидан фойдаланиш имконини беради. Ушбу технологияларнинг айримлари келажакда ҳарбий вазифаларга мослаштирилиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: