Австрияда 14 ёшгача бўлган қизларга ҳижоб тақиқланиб, жарима белгиланди
Австрияда янги ўқув йили бошланиши билан 14 ёшга тўлмаган қизларнинг мактабларда ҳижоб ва бошқа анъанавий рўмолларни ўраши тақиқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, янги қонун мамлакатдаги давлат ва хусусий мактабларга татбиқ этилади. Ҳукумат мазкур чекловни гендер тенглигини таъминлаш ҳамда ёш қизларни ҳимоя қилиш чораси сифатида баҳолаган.
Австрия Интеграция вазири Клаудия Бауэрнинг айтишича, рўмол қизларни болаликдан назорат қилиш ва уларни зулм остида қолдириш белгиси ҳисобланади.
Бироқ қонунга қарши чиққанлар уни мусулмонларга нисбатан салбий муносабатни кучайтириши ва Конституцияга зид бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Австрия Ислом жамоати ҳам тақиқни кескин қоралаб, уни диний эркинлик ҳуқуқини чеклайдиган чора деб атаган.
Қонунга кўра, мактаб ўқитувчилари рўмол ўраган ўқувчи билан унинг қонуний вакиллари иштирокида бир неча марта суҳбат ўтказиши керак. Қоида такроран бузилса, болаларни ҳимоя қилиш хизматлари хабардор қилинади. Энг сўнгги чора сифатида ота-она ёки васийларга 800 еврогача жарима солиниши мумкин.
Австрия Конституциявий суди 2020 йилда бошланғич мактабларда рўмол ўрашни тақиқловчи аввалги қонунни диний бетарафлик тамойилига зид деб топиб, бекор қилган.
Айни пайтда мамлакатдаги ўта ўнгчи Озодлик партияси амалдаги тақиқни етарли эмас деб ҳисоблаб, мактабларда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун рўмол ҳамда юзни беркитувчи кийимларни тўлиқ тақиқлашни талаб қилмоқда.
