Немис журналисткаси Россия агентларига чиқиш учун Путин тарафдори қиёфасига кирди
RTL телеканали жамоаси бир йил давомида Германиядаги Россиянинг «бир марталик агентлари» тармоғини тергов қилди. RTL, ntv ва Stern журналисти Анжелика Герай бир неча ой давомида ижтимоий тармоқларда сохта канал юритиб, ўзини Россия ҳокимияти тарафдори қилиб кўрсатган.
У ўз саҳифасида ўзини Катя деб таништирган, Россия байроғи фонида тельняшкада видеолар чиқарган, Бундестаг атрофида уч рангли байроқ билан юрган ва Владимир Путинни мақтаган. Журналистнинг сўзларига кўра, кўп ўтмай у билан алоқага чиқишган ва унга турли топшириқлар бера бошлашган. Масалан, Германиядаги турли объектларни суратга олиш, ҳукмрон ХДС партияси, қурол-яроғ компаниялари ва нотижорат ташкилотларни кузатиш, уларнинг ходимларига оид алоқа ва шахсий маълумотларни тўплаш.
Журналистлар аниқлашича, «бир марталик агентлар» билан ҳамкорлик дастлаб оддий ва қонуний вазифалардан бошланади ва бунинг учун кичик миқдорда пул таклиф қилинади. Масалан, суратга олиш, посилкани олиб кетиш ёки SIM-карта олиш. Аммо кейинчалик бундай ҳамкорлик анча жиддий ва хавфли тус олади. Алоқа асосан Telegram орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, «бир марталик агентлар»нинг ҳар бири умумий режанинг фақат бир қисмини билади, холос.
«Катя»нинг профили Саҳра Вагенкнехт Иттифоқи сиёсатчиси Йовица Йовичнинг эътиборини тортган. У Герайни аслида ким эканини билмаган ҳолда учрашувга чақирган. Йович унга канални қандай ривожлантириш бўйича маслаҳатлар берган. Масалан, «НАТО байроғи устида оёқлари билан рақсга тушиш»ни таклиф қилган.
Журналист ундан Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қиладими, деб тўғридан-тўғри сўраган.
«Мен Россия махсус хизматлари бунга аралашган, деб айтмаяпман, чунки ўзимни гўёки аҳмоқдек қилиб кўрсатяпман. Бундай нарсаларни ахир ҳеч ким билмайди. Яъни назарий жиҳатдан мен буни билмайман. Амалда эса — биламан», — деб жавоб берган у.
Кейинчалик Йович очиқ интервьюда Россия разведкаси билан алоқалари ва дезинформация кампанияларида иштирок этганини рад этган.
Герай «Катя» образи сохта эканини оммага ошкор қилганидан сўнг, унга ўлим билан таҳдид қилинган. Овозли хабарда: «Агар қочишга уринсанг, ўқ еб қоласан!» деган таҳдид бўлган.
