Пашинян Арманистоннинг янги Конституцияси лойиҳасини тақдим этди: қабул қилинмаса, истеъфога чиқишини билдирди
Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатнинг янги Конституцияси лойиҳасини эълон қилди. У ҳужжат референдумда рад этилса, бир ҳафта ичида истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда у Facebook саҳифасида ёзди.
Конституция лойиҳаси фуқаролар танишиши ва ўз таклифларини билдириши учун махсус веб-сайтга жойлаштирилган. Ҳужжатда 1990 йилги Арманистон Мустақиллик декларациясига ҳавола мавжуд эмас. Амалдаги сиёсий баҳсларда айнан шу масала муҳим ўрин тутмоқда. Чунки декларация муқаддимасида Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг «Қайта бирлашиш тўғрисида»ги қарори тилга олинган. Ушбу ҳаволани олиб ташлаш Озарбайжон илгари сурган тинчлик шартларидан бири ҳисобланади.
Пашиняннинг янги Конституция лойиҳасини референдумга олиб чиқиши учун парламентда етарли овоз йўқ. Ҳукмрон «Фуқаролик шартномаси» партияси парламентдаги 105 ўриндан 64 тасига эга. Референдум ўтказишни маъқуллаш учун эса камида 70 нафар депутатнинг овози талаб этилади.
Бош вазир 20 ноябрь куни парламентда сўзлаган нутқида мухолифат депутатларини референдум ўтказилишини қўллаб-қувватлашга чақирган. Шунингдек, Конституция лойиҳаси қабул қилинса, 2031 йилги сайловларда номзодини қўймасликка ваъда берган.
Мухолифат эса янги Конституцияга қарши чиқмоқда ва уни Озарбайжонга ён бериш сифатида баҳоламоқда. Парламентда жами 41 ўринга эга бўлган «Кучли Арманистон» ва «Ҳайастан» мухолифат фракциялари Пашинян таклифини рад этган.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароси Совет Иттифоқи парчаланганидан бери давом этиб келган. 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон минтақа устидан тўлиқ назорат ўрнатганидан сўнг, ўн минглаб этник арманлар ҳудудни тарк этган. 2024 йил 1 январдан эса ўзини мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғдаги Арцах Республикаси расман фаолиятини тугатган.
2025 йил август ойида Арманистон ва Озарбайжон Вашингтонда дастлабки тинчлик келишувига эришган, бироқ ҳужжат ҳали имзоланмаган. Боку келишувни имзолаш учун икки шартни илгари сурган: Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш билан шуғулланган ЕХҲТ Минск гуруҳини тарқатиш ва Арманистон Конституциясига ўзгартириш киритиш.
Озарбайжон ҳукумати Арманистон Мустақиллик декларациясига Конституцияда ҳавола берилишини Тоғли Қорабоғга нисбатан ҳудудий даъволар билан боғлайди. Шу сабабли Боку ушбу ҳаволанинг олиб ташланишини талаб қилмоқда.
