Чирчиқда хонадондан ноқонуний қурол ва тўртта пичоқ топилди
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ноқонуний қурол сақлаш ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида ўтказилган тадбирда «Маърифат» маҳалласида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаронинг хонадони текширилди.
Текширув давомида хонадондан қўлбола усулда ясалган, порох ёрдамида ўқ узишга мўлжалланган бир дона қурол, Испанияда ишлаб чиқарилган 5,5 калибрли «SHADOW 1000» русумли пневматик қурол ҳамда турли кўринишдаги тўртта ўткир тиғли пичоқ аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний қурол сақлаш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.
