Жарқўрғонда педагоглар ободончилик ишларига мажбурландими?
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги 56-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларининг ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларига жалб этилгани видеоси тарқалди.
Унда педагогларга кўчаларни тозалаш, йўл бўйидаги айрим объектларни таъмирлаш ва оқлаш каби ишлар топширилгани ҳақида айтилган. Шунингдек, мактаб таъмири билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳақида ҳам мурожаатлар бўлган.
Тарқалган хабарлар юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ҳозирча педагогларнинг мазкур ишларга қай тартибда жалб этилгани, уларга нисбатан мажбурлаш ҳолати бўлган-бўлмагани ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилгани текширилаётган экан.
Инспекциянинг расмий муносабатларида ҳам таълим муассасалари ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилиши қайд этилган.
Ўрганиш натижасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланса, масъул шахсларга нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади.
