Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги 27 сентябрь – Хотира куни муносабати билан баёнот берди
«27 сентябрь – Хотира кунининг навбатдаги йиллиги муносабати билан Озарбайжоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги йўлида жонини фидо қилган шаҳидларимизнинг азиз хотирасини чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билан ёд этамиз. 2020 йил 27 сентябрда бошланган ва 44 кун давом этган Ватан уруши Озарбайжоннинг замонавий тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетининг тикланиши билан якунланди.
Ушбу тарихий натижага эришишда Ғолиб Олий Бош Қўмондоннинг раҳбарлиги, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, Озарбайжон Армиясининг қаҳрамонлиги ва Ватан олдида намоён этган юксак профессионаллиги муҳим роль ўйнади.
27 сентябрь санасининг Хотира куни сифатида таъсис этилиши шаҳидларимизнинг азиз хотирасига давлат ва халқ даражасида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромнинг ифодасидир. Бугун Ватан йўлида ҳаётини қурбон қилган ҳар бир шаҳидимизнинг фидойилиги, шунингдек, уруш қатнашчилари ва фахрийларимиз томонидан кўрсатилган жасорат яна бир бор ҳурмат билан ёдга олинади.
Ватан урушидан кейинги даврда Озарбайжон ишғолдан озод қилинган ҳудудларни тиклаш ва қайта қуриш, можаронинг гуманитар оқибатларини, жумладан, мина хавфини бартараф этиш, собиқ мажбурий кўчирилганларнинг хавфсиз ва муносиб тарзда ўз она юртларига қайтишини таъминлаш, шунингдек, можаро вақтида бедарак йўқолган шахсларнинг тақдирини аниқлаш йўналишларида изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ватан урушида жонини фидо қилган шаҳидларимиз хотирасига энг катта ҳурмат — улар учун курашган қадриятларни – мустақиллик, ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва миллий ҳамжиҳатликни асраш, шунингдек, минтақада барқарор тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдир. Шу нуқтаи назардан, Ватан уруши қаҳрамонларининг муқаддас хотираси Озарбайжоннинг келажак авлодларга етказадиган муҳим тарихий ва маънавий мероси сифатида ҳамиша яшайди.
27 сентябрь – Хотира кунида Озарбайжоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги йўлида жонини фидо қилган барча шаҳидларимизнинг азиз хотирасини яна бир бор чуқур ҳурмат билан ёд этамиз, ушбу йўлда соғлиғини фидо қилган уруш қатнашчиларига сиҳат-саломатлик тилаймиз», дейилади баёнотда.
