Сўнгги тўрт йилда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан 445 та жинсий зўравонлик иши қўзғатилган
2022–2025 йиллар давомида 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш билан боғлиқ 445 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова маълум қилди.
Депутат келтирган маълумотларга кўра, 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та ва 2025 йилда 123 та шундай жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу статистика болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида келтирилди.
Гулруҳ Агзамова болалар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни турли хил зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласи долзарб эканини таъкидлади.
«Бугун биз шунчаки навбатдаги қонун лойиҳасини муҳокама қилаётганимиз йўқ. Биз болалар тақдири, уларнинг хавфсизлиги, эртанги кунга бўлган ишончи, энг муҳими, жамиятимизда бола қадри қанчалик устувор эканлиги ҳақида гаплашмоқдамиз», — деди депутат.
Агзамованинг қайд этишича, Наманган вилоятида яқинда содир бўлган ҳолат ҳам болаларга нисбатан оғир жинсий зўравонлик учун жавобгарликни кучайтириш заруратини кўрсатган.
