Англияда янги туғилган чақалоқлар орасида «Хон» фамилияси етакчига айланиши мумкин
Англия ва Уэльсда янги туғилган чақалоқлар орасида «Хон» фамилияси келаси йилнинг ўзида энг кўп учрайдиган фамилияга айланиб, «Смит»дан ўзиб кетиши мумкин. Бу ҳақда расмий статистикани ўрганган The Telegraph нашри таҳлилчилари маълум қилди.
1996 йилда энг кўп тарқалган фамилиялар учлигидан «Смит», «Жонс» ва «Уильямс» ўрин олган. Ўша йили кучли ўнталикка «Тейлор», «Браун», «Дэвис», «Эванс», «Томас», «Жонсон» ва «Уилсон» ҳам кирган.
2025 йилга келиб эса рўйхат сезиларли даражада ўзгарган. «Смит» ва «Хон»дан кейинги ўринларни «Аҳмад», «Али», «Жонс», «Ҳусайн», «Сингх», «Уильямс», «Пател» ва «Каур» фамилиялари эгаллаган.
Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги уч ўн йилликда янги туғилганлар орасида «Хон», «Аҳмад» ва «Али» фамилияларининг учраш частотаси қарийб икки баробар ошган. Сикхлар орасида кенг тарқалган «Сингх» ва «Каур» фамилиялари эса камида беш баробар кўпайган.
Шу билан бирга, «Смит» фамилияси ҳали ҳам биринчи ўринда турибди. Бироқ ушбу фамилия билан рўйхатга олинган чақалоқлар сони 1996 йилдаги 7 276 нафардан 2025 йилда 4 102 нафарга камайган.
Статистикага кўра, Англия ва Уэльсда фамилиялар хилма-хиллиги ҳам ортиб бормоқда. 1996 йилда янги туғилганлар орасида 21 600 дан ортиқ турли фамилия қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 23 400 дан ошган.
Агар 1996 йилда камида минг нафар чақалоққа берилган фамилиялар сони 57 та бўлган бўлса, 2025 йилда бундай фамилиялар сони 23 тани ташкил этган.
Муҳаммад ўғил болалар орасида етакчилик қилмоқда
Исмлар борасида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. Буюк Британия Миллий статистика бошқармаси маълумотларига кўра, Муҳаммад исми Англия ва Уэльсда туғилган ўғил болалар орасида кетма-кет учинчи йил энг оммабоп исм бўлиб қолмоқда.
2025 йилда айнан «Muhammad» шаклидаги исм 5 957 нафар ўғил болага берилган. Қизлар орасида эса Оливия исми кетма-кет тўртинчи йил биринчи ўринни эгаллаган.
