Қозоғистон Исроилга буғдой етказиб беришни режалаштирмоқда
Қозоғистоннинг «Продкорпорация» миллий компанияси Озарбайжон ва Грузия орқали ўтадиган транспорт коридоридан фойдаланган ҳолда Исроилга 500 000 тоннагача озиқ-овқат буғдойини етказиб беришни ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, тегишли таклиф Иерусалимда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Қозоғистон–Исроил ҳукуматлараро комиссиясининг ўн иккинчи йиғилишида «Продкорпорация» бошқаруви раиси ўринбосари Самат Теньбаев томонидан илгари сурилган.
Қозоғистон томони Исроил бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда 200 000 дан 500 000 тоннагача озиқ-овқат буғдойи ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузишга тайёрлигини билдирди.
