Тошкентда сохта авторақам тайёрлаган хорижлик ва ўсмир судланди

Тошкентда сохта авторақам тайёрлаган хорижлик ва ўсмир судланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилишича, Юнусобод тумани Марказ-6 мавзесида йўл-патрул хизмати ходимлари «Malibu-2» автомобилини тўхтатган. Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечиришда автомашинага ноқонуний равишда махсус антенна, сирена ва милтилловчи маёқчалар ўрнатилгани, олд ойнаси меъёрга зид равишда қорайтирилгани аниқланган. Машина юкхонасидан бошқа давлатнинг давлат рақами белгиси ҳам топилган.

Тергов давомида Мирзо Улуғбек туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқлангани маълум бўлди. Ўша ерда вояга етмаган шахс бошқарган «Kia» русумли автомобилда рация, сирена, милтилловчи маёқча, қорайтирилган ойналар ва сохта давлат рақамлари бўлгани қайд этилган.

Текширувда автомобилларга ўрнатилган қалбаки давлат рақамлари Қирғизистон фуқароси Эргашов томонидан тайёрлангани аниқланган. У рақамларни хориждан буюртма қилиб келтириш ва сотиш билан шуғулланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Андижон вилоятида ўтказган тезкор тадбир давомида Эргашов далилий ашёлар билан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукмига кўра, вояга етмаган Ғофуров Жиноят кодексининг 227¹-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 57-модда қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари — 6 млн 600 минг сўм жарима тайинланди. Унинг яшаш ва ўқиш жойида жамоат тарбиячисини тайинлаш Олтинкўл тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Болалар масалалари бўйича комиссия зиммасига юкланди.

Қирғизистон фуқароси Эргашов Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми ҳамда 227¹-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари — 66 млн сўм жарима жазоси тайинланди.

Суд қарорига кўра, жарима ижро этилганидан сўнг Эргашов Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: