Пентагон раҳбари номаълум аскар қабри ёнида унга танбеҳ берган ҳарбийни мукофотлади
АҚШ ҳарбий вазири Пит Ҳегсет Номаълум аскар қабри ёнида сукут сақлаш талабини бузгани учун унга ва ҳамроҳларига танбеҳ берган ҳарбий Томас Иглесиасни мукофотлади. Ҳарбий хизматчи «Қўшма хизматдаги хизматлари учун» медали (Joint Service Commendation Medal) билан тақдирланди.
Ҳодиса 11 ноябрь куни АҚШда Фахрийлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар чоғида содир бўлган. Маросимдан сўнг Ҳегсет, унинг рафиқаси ва Пентагоннинг бир нечта юқори лавозимли ходимлари мемориал зинапояларида суратга тушган. Гуруҳ тарқалаётган пайтда иштирокчилардан бири баланд овозда кулган.
Шунда Номаълум аскар қабри олдида навбатчилик қилаётган ҳарбий хизматчи барчадан сукут сақлашни ва мемориалга ҳурмат кўрсатишни талаб қилган.
Эртаси куни вазир ўз бўлинмаси — АҚШ армиясининг «Эски гвардия» номи билан танилган 3-пиёда полки ҳарбий хизматчиларини Пентагонга таклиф қилди ва Иглесиасга мукофотни шахсан топширди.
Ҳегсет ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида ушбу воқеага муносабат билдириб, «Биз аскарларни яхши кўрамиз. Биз хизмат интизомини қадрлаймиз. Баракалла, мутахассис!» деб ёзди.
Пентагонда таъкидланишича, ҳарбий хизматчи йиғилганларга хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш зарурлигини эслатиб, тўғри ҳаракат қилган.
Номаълум аскар қабри АҚШнинг энг муҳим ҳарбий ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Арлингтон миллий қабристонида жойлашган ушбу мемориалда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари, шунингдек, Корея урушида ҳалок бўлган, шахси аниқланмаган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг жасад қолдиқлари дафн этилган.
