14 давлат полицияси даркнетга қарши халқаро операция ўтказди: 350 дан ортиқ киши қўлга олинди

14 давлат полицияси даркнетга қарши халқаро операция ўтказди: 350 дан ортиқ киши қўлга олинди

Даркнет орқали ноқонуний савдо билан шуғулланувчи шахсларга қарши ўтказилган «TorNado» номли йирик халқаро операция натижасида 354 киши қўлга олинди. Шунингдек, юзлаб тинтувлар ўтказилиб, бир неча тонна гиёҳванд моддалар ва ўқотар қуроллар мусодара қилинди.

2025 йил май ойидан 2026 йил октябрь ойига қадар давом этган операцияда Европа давлатлари, АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари иштирок этди. Гумонланувчилар орасида гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва бошқа тақиқланган маҳсулотларни сотувчи ҳамда харид қилувчилар бор.

Қўлга олишлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринда бўлиб, у ерда 132 киши ушланган. Буюк Британияда 59, Венгрияда 45, Германияда 41 ва Францияда 23 нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Тергов давомида турли мамлакатларда жами 5,7 тонна атрофида гиёҳванд моддалар, 209 дона ўқотар қурол, шунингдек, 210 миллион евродан ортиқ нақд пул ва криптовалюта мусодара қилинган. Хусусан, Германияда 150 килограмм амфетамин аниқланган.

Операция Archetyp, Bohemia, Nemesis, Kingdom ва Tor2Door каби йирик ноқонуний интернет платформалари фойдаланувчиларини аниқлашга қаратилган. Ушбу платформалар аввалроқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ёпилган эди.

Терговчилар мазкур платформалар фаолияти тўхтатилганидан кейин қўлга киритилган маълумотлардан фойдаланиб, сотувчи ва харидорларнинг шахсини аниқлаган. Шунингдек, махсус форумлар, айрим интернет-дўконлар ва шифрланган мессенжерлар иштирокчилари ҳам текширувга жалб этилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: