Россия Финляндиянинг НАТОдан чиқишини талаб қилмоқда
Шунингдек, Россия Алянснинг Болтиқбўйи давлатларидаги ҳарбий базаларини олиб ташлашини талаб қилмоқда –
Бу ҳақда BILD хабар бермоқда.
Москванинг «европача хавфсизликнинг янги тартиби»га оид таклифлари бир қанча мамлакатларга дахлдордир. Хусусан, Россия НАТОдан Эстония, Латвия ва Литвадаги ҳарбий базаларини олиб ташлашни, Финляндиядан эса Алянс сафидан чиқишни талаб қилмоқда.
Ушбу режага кўра, Украина ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини қабул қилиши ва келажакда НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечиши лозим; бироқ Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имконияти сақланиб қолади. Бундан ташқари, Москва ҳозирда босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолишни ҳамда бутун Донбасни — шу жумладан, Донецк ва Луганск вилоятларининг ҳозирда Киев назоратида бўлган қисмларини ҳам қўлга киритишни истамоқда. Шунингдек, Украина ушбу шаҳарлардан ҳарбий-денгиз базалари сифатида фойдаланишининг олдини олиш мақсадида Одесса ва Николаевни демилитаризация қилиш (ҳарбий кучлардан холи қилиш) таклиф этилмоқда.
Алоҳида талаблар Молдовага ҳам тааллуқли бўлиб, унга кўра, Молдова Гагаузия ва Днестрбўйи (Транснистрия)ни ўз ичига олган федерацияга айлантирилиши керак. Агар Молдова Европа Иттифоқига қўшиладиган бўлса, ушбу ҳудудларга ўз мустақиллиги масаласида референдум ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Бунинг эвазига Россия Беларусдан ўз ядро қуроллари ва ўрта масофага учувчи ракеталарини, шунингдек, Днестрбўйидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни ваъда қилмоқда.
BILD нашрининг қайд этишича, бу ҳозирги вақтда норасмий музокара доираларида муҳокама қилинаётган бир нечта вариантлардан бири, холос. Турли воситачи гуруҳлар ўзаро рақобатлашмоқда ва Владимир Путиннинг шахсан ушбу аниқ режани маъқуллаган-маъқулламагани номаълумлигича қолмоқда.
