Эрон МАГАТЭ билан ҳамкорликни фавқулодда шароитда қайта тикламаслигини билдирди

Эрон МАГАТЭ билан ҳамкорликни фавқулодда шароитда қайта тикламаслигини билдирди

Эрон халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) кафолатларини амалга оширишни фавқулодда шароитда қайта тиклаш мумкин эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Эроннинг Венадаги доимий ваколатхонаси агентлик бош директори Рафаэль Гроссининг мамлакат ядровий дастури бўйича ҳисоботига жавобан тарқатган баёнотида айтилган.

Tasnim News хабарига кўра, Эрон томони МАГАТЭнинг мамлакат бўйича ҳисоботлари агентлик Бошқарув кенгаши резолюциялари асосида тайёрланганини, бироқ ушбу ҳужжатларда техник ва ҳуқуқий камчиликлар мавжудлигини таъкидлаган. Ваколатхона фикрича, резолюциялар белгиланган тартиб-таомиллардан нотўғри фойдаланиш орқали қабул қилинган ва улардаги хулосалар агентликнинг қонуний ваколатлари доирасидан четга чиққан.

Баёнотда таъкидланишича, Эроннинг МАГАТЭ кафолатлари остида бўлган ядровий объектларига қилинган ҳужумлар мисли кўрилмаган вазиятни юзага келтирган. Эрон томонининг даъвосига кўра, бу ҳодисалар инспекция ишларига тўсқинлик қилган, агентлик инспекторларини эвакуация қилишга мажбур этган ва мамлакат хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш заруратини келтириб чиқарган.

Эрон ваколатхонаси АҚШ агентликнинг бир томонлама резолюцияларидан ҳужумларга оид маълумотларни чиқариб ташлаганини, аммо бу воқеаларнинг оқибатлари бартараф этилмаганини билдирган.

«Оддий кафолатлар тартибини фавқулодда шароитда қайта тиклаб бўлмайди. МАГАТЭ Бошқарув кенгаши юзага келган вазиятнинг илдиз сабабларини бартараф этиш билан шуғулланиши керак», — дейилади баёнотда.

Эрон томонининг ушбу позицияси МАГАТЭ ҳисоботига нисбатан билдирилган расмий муносабат бўлиб, агентликнинг ҳисоботдаги хулосаларига қўшилмаслигини англатади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: