Шольц Украинага босқиндан тўққиз кун олдин Путиннинг жим қолгани унда шубҳа уйғотганини айтди

Шольц Украинага босқиндан тўққиз кун олдин Путиннинг жим қолгани унда шубҳа уйғотганини айтди

Германиянинг собиқ канцлери Олаф Шольц Elefantenrunde подкастида Россия президенти Владимир Путин билан 2022 йил 15 февраль куни Москвада бўлиб ўтган учрашув ҳақида сўзлаб берди. Ўша пайтда Германия канцлери дипломатик йўл билан Россиянинг Украинага бостириб киришининг олдини олишга ҳаракат қилган.
Тўрт соат давом этган музокаралар якунида Шольц Путинга Россиянинг эҳтимолий ҳужуми ҳақида савол берган.

«Агар ҳозир самолётга ўтириб, иллюминатордан қарасам, Украина томон учиш учун кўтарилаётган Россия ҳарбий самолётларини кўраманми?» — дея ўша суҳбатни эслаган Шольц.

Собиқ канцлернинг сўзларига кўра, Путин бу саволга жавоб бермаган. Унинг сукут сақлаши Шольцда жиддий хавотир уйғотган, гарчи Германия делегациясининг айрим аъзолари учрашув натижаларидан мамнун бўлган бўлса-да.

Орадан тўққиз кун ўтиб, Россия Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлади.

Шольцнинг фикрича, Путин шу йўл билан «Россия империясини қайта тиклашга интилаётган ва ҳанузгача бу мақсадидан воз кечмаган».

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: