Швеция россиялик спортчиларга мусобақаларда иштирок этиш учун Шенген визаси бермайди
Швеция мамлакат ҳудудида ўтказиладиган спорт мусобақаларида қатнашиш учун россиялик спортчиларга Шенген визаларини бермайди. Бу ҳақда Швеция миграция хизмати расмий сайтида маълум қилинди.
18 ноябрь, чоршанба куни Швеция ҳукумати россиялик спортчилар ва расмий шахсларнинг мусобақаларда иштирок этиш учун мамлакатга киритилиши халқаро муносабатларга таҳдид туғдириши мумкинлигини билдирган эди.
“Биз Европа Иттифоқи қоидаларини қўллаймиз. Унга кўра, халқаро муносабатларга таҳдид солади деб топилган шахсларга Шенген визаси бериш рад этилиши мумкин”, деди Швеция миграция хизмати раҳбари Оскар Экблад.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия, Норвегия ва Чехия ҳам россиялик спортчиларнинг ўз ҳудудига киришига чекловлар ўрнатган эди.
Маълумот учун, 2027 йилнинг февраль ойи охирида Швециянинг Фалун шаҳрида чанғи спорти турлари бўйича Жаҳон чемпионати бошланади.
