Қирғизистонда президентликка 12-номзод пайдо бўлди
Қирғизистонда давлатга қарашли “Тундук” иловаси ҳамда “Имзо тўплаш” вебсайтида аслида мавжуд бўлмаган президентликка номзод пайдо бўлди. Республика Марказий сайлов комиссияси вазиятга аниқлик киритди, деб хабар берди “Nur.kz”.
Ижтимоий фаол Эрлан Бекчоро Facebook ижтимоий тармоғида президентликка 12-номзод пайдо бўлгани ҳақида маълумот берди. У илова янгиланганидан сўнг рўйхатга Солпиев Айбек Мелисович исмли шахс қўшилиб қолганини аниқлаган.
Қирғизистон Сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича марказий комиссияси ушбу ҳолатга изоҳ берди. Маълум қилинишича, 2026 йил 18 ноябрь куни президентлик сайловларига тайёргарлик доирасида сайлов инфратузилмаси ва ахборот тизимлари умуммиллий синовдан ўтказилган.
“Кизмат” давлат муассасаси ва “Тундук” техник операторлари маълумотларига кўра, синов жараёнида тест ёзувларидан бири Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига номзодларни қўллаб-қувватлаш учун электрон имзо тўплаш хизматида нотўғри акс эттирилган, дея тушунтирди идора.
Марказий сайлов комиссиясининг таъкидлашича, техник хато тезкорлик билан аниқланиб, бартараф этилган.
“Тундук” операторлари тақдим этган маълумотларга кўра, қайта текширув хатолик фақат маълумотларнинг кўринишига таъсир қилганини кўрсатди. Бу тизимнинг ишчи маълумотларига, жумладан, ҳақиқий даъвогарларни қўллаб-қувватлаш учун тўпланган электрон имзоларга таъсир қилмаган, дейилади хабарда.
