Германияда ўзбекистонлик ҳамширалар учун 800 та иш ўрни таклиф этилмоқда
Ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Германия клиникаларида ишлаш имкониятига эга бўлади. Номзодлар учун бепул немис тили курси, стипендия ва турар жой ҳам назарда тутилган.
Миграция агентлиги GLOBOGATE дастури орқали ҳамшираларни Германия клиникаларида ишлашга таклиф қилмоқда. Дастур доирасида жами 800 та иш ўрни ажратилган.
Номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
20–36 ёшда бўлиши;
тиббиёт коллежининг уч йиллик дипломига эга бўлиши;
камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;
судланмаган ва соғлом бўлиши.
Танлаб олинган номзодлар учун 10 ойлик немис тили курси бепул ташкил этилади. Ўқиш давомида стипендия ва турар жой билан таъминланади. Шунингдек, B2 даражасидаги тил сертификатини олиш харажатлари ҳам қопланади.
Ишга жойлашган ҳамшираларга дастлаб ойига 1 900 евро (тахминан 25 миллион сўм) маош тўланади. Касбий малакаси тан олингандан кейин эса ойлик иш ҳақи 2 500 еврога (тахминан 32,9 миллион сўм) етади.
Бундан ташқари, виза, авиачипта ва ҳужжатларни таржима қилиш харажатлари ҳам қопланади.
Аризалар 15 декабрга қадар қабул қилинади.
Батафсил маълумот ва рўйхатдан ўтиш: xorijdaish.uz.
Қўшимча маълумот учун 1282 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
