Ироқ Саддам Ҳусайннинг собиқ самолётини 1,8 миллион долларга сотувга қўйди
Ироқ 1991 йилдан бери Тунисда сақланаётган иккита Boeing 747 самолётини сотувга чиқарди. Улардан бири Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳукумати фойдаланган самолёт ҳисобланади. Бу ҳақда BILD хабар берди. Ироқ ҳар бир самолёт учун 1,8 миллион доллардан тушум олишни режалаштирмоқда.
Иккала самолёт ҳам 1991 йилда Форс кўрфази уруши даврида ҳарбий ҳаракатлардан ҳимоя қилиш мақсадида Ироқдан Тунисга олиб кетилган. Бироқ уруш тугаганидан кейин ҳам улар Бағдодга қайтарилмаган. Бунга халқаро санкциялар, молиявий низолар ва самолётларни узоқ муддат сақлаш билан боғлиқ харажатлар тўсқинлик қилган.
Савдога қўйилган самолётлар орасида энг эътиборга лойиғи — YI-ALM рўйхат рақамига эга Boeing 747SP. 1982 йилда ишлаб чиқарилган ушбу самолёт дастлаб ҳукумат рейслари учун махсус жиҳозланган. Унинг ичида алоҳида хоналар, музокаралар ўтказиш учун конференция зали ва дам олиш хонаси бўлган. Самолёт «Ал-Қодисия» деб номланган ва 1991 йил январидан буён Тунисдаги Тозур-Нефта аэропортида сақланмоқда.
Ироқнинг миллий авиакомпанияси Iraqi Airways Саддам Ҳусайн ушбу самолётдан фойдаланганини расман тасдиқламаган. Бироқ самолётнинг жиҳозланиши ва архив фотосуратлари унинг Ироқ раҳбари билан боғлиқлигини кўрсатади. Жумладан, 1983 йил октябрь ойида Саддам Ҳусайн иштирокидаги ҳукумат музокаралари вақтида самолёт Лондонда бўлган. 1986 йилда эса Ироқ раҳбарининг Москвага ташрифи чоғида у Boeing 747SP самолёти ёнида суратга тушган.
Иккинчи самолёт — YI-AGP рўйхат рақамига эга Boeing 747-200. У йўловчи ва юк ташиш учун мўлжалланган бўлиб, 330 нафаргача йўловчини сиғдира олган.
Ҳар икки самолёт кафолатсиз сотилмоқда. Iraqi Airways уларнинг техник ҳолати ва парвозга яроқлилиги ҳақида маълумот бермаган. Тунис оммавий ахборот воситалари эса самолётларни учишга яроқсиз ҳолатда деб таърифлаган. Харидор самолётларни етказиб бериш, божхона тўловлари ва солиқлар билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олади. Савдода қатнашиш учун ҳар бир самолёт бўйича 180 минг долларлик депозит талаб этилади.
Ироқ бу самолётларни 2023 йилда ҳам сотишга уринган, аммо савдо амалга ошмаган. Ўшанда ҳар бир самолёт учун 494 минг доллар сўралган эди. Уларни Тунисда сақлаш ҳам Ироқ учун қимматга тушмоқда: 2020 йилда мамлакат тўланмаган тўхташ жойи ҳақи учун тахминан 5,4 миллион доллар тўлаган.
