Ишончнома ортида яширилган “Tracker-2” топилди! Энди у аукционга қўйилиши мумкин

Ишончнома ортида яширилган “Tracker-2” топилди! Энди у аукционга қўйилиши мумкин

Банклардан катта миқдорда кредит олиб, қарзини қайтармаган фуқаро. Номида автомобиль бор, аммо у ишончнома орқали бошқа шахсга сотиб юборилган. Суд ҳужжати эса ижро учун Мажбурий ижро бюросига келиб тушган.

Гап Бухоро шаҳридаги фуқаронинг «ANOR BANK», «TENGE BANK» ва «AVO BANK» олдидаги кредит қарздорлиги ҳақида кетмоқда.

Ижро жараёнида қарздор номида «TRACKER-2» русумли автомобиль борлиги аниқланган. Бироқ автомобиль ишончнома орқали бошқа шахсга берилгани маълум бўлган.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари қидирув тадбирларини ўтказиб, ниҳоят автомобилни топишди.
Транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди. Эътиборлиси, автомобилни сотиб олган шахс унинг кредит қарздорлиги билан боғлиқ ҳолатидан бехабар бўлган. Ушбу транспорт воситасини ўз номига расмийлаштирмасдан бошқариб келган.

ЭНДИ НАВБАТ ҚАРЗНИ УНДИРИШГА!

Ҳозирда автомобиль қарздорликни қоплаш мақсадида аукцион савдоларига чиқариш учун тайёрланмоқда.

Бу ҳолат яна бир бор шуни кўрсатадики, суд ҳужжатлари ижросидан ҳеч қандай ҳужжат ёки ишончнома орқали қочиб қутулиб бўлмайди. Қонун талаблари барча учун бирдек.

Дўстларингизга ҳам юборинг: