SpaceX Украина армиясини қийин аҳволга солиб қўйдими? Зеленский муаммони очиқлади
Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг реактив «Шаҳид» дронларига қарши курашишда юзага келаётган муаммоларни Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг Starshield сунъий йўлдош алоқа тизимидаги чекловлар билан боғлади.
Давлат раҳбари BBC’га берган интервьюсида ушбу тизимнинг фаолияти Украина назоратидаги ҳудудларда меъёрга қайтганини, бироқ Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда чекловлар сақланаётганини маълум қилди.
Зеленскийнинг тушунтиришича, бу ҳолат украин ҳарбийларининг душман дронларини улар мамлакат ичкарисига кириб келишидан аввал уриб тушириш имкониятларини чекламоқда.
Хусусан, алоқа тизимига ўрнатилган тезлик чекловлари сабабли украиналиклар реактив «Шаҳид»ларга қарши тутиб қолувчи дронлардан тўлиқ фойдалана олмаяпти. Натижада айрим учувчисиз қурилмалар Украина назоратидаги ҳудудларга етиб келиб, инфратузилма ва энергетика объектларига зарба бермоқда.
Президент чекловларни жорий этиш бўйича қарор ким томонидан қабул қилинганига ҳам тўхталди.
«Техник жиҳатдан бу SpaceX’нинг қарори. Сиёсий жиҳатдан эса билмайман, чиндан ҳам билмайман. Бу худди пинг-понгга ўхшайди. Биз бир томонга мурожаат қиламиз, улар бошқа томонни кўрсатади», — деди Зеленский.
Украина раҳбари АҚШ томонидан мазкур муаммони ҳал қилиш юзасидан ижобий сигналлар олинганини ҳам таъкидлади.
Аввалроқ Starshield тизимидаги чекловлар туфайли украин ҳарбийларининг дронлардан фойдаланиш имкониятлари қисқаргани маълум бўлганди. SpaceX эса юзага келган муаммоларни техник сабаблар билан изоҳлаган.
