Олимлар саратонга қарши курашишнинг янги усулини таклиф қилишди
Саратон касаллигини ўрганиш бўйича тадқиқотларда CDK12 ва CDK13 протеинкиназалари даволаш учун истиқболли нишонлар сифатида эътиборни тортмоқда. Ушбу ферментлар генлар транскрипциясини фосфорилланиш орқали бошқаради. Яъни улар ДНКни транскрипция қилувчи РНК-полимераза II оқсил мажмуасига фосфат гуруҳини ўтказади.
CDK12 ва CDK13 фаолиятини ингибиция қилиш транскрипция жараёнини, айниқса, узун генларда бузади. Бу эса ДНК шикастланишларини тиклаш жараёнида нуқсонларни келтириб чиқаради ва натижада саратон ҳужайраларининг кўпайишини тўхтатади.
Тадқиқот натижалари EMBO Molecular Medicine журналида эълон қилинган.
Терапевтик имкониятларига қарамай, ушбу протеинкиназаларга таъсир кўрсатувчи оғиз орқали қабул қилинадиган ингибиторларни ишлаб чиқиш жараёни секин кечган. Бу Киото университети ва Chordia Therapeutics Inc. компанияси тадқиқотчиларини янги препарат яратиш, унинг самарадорлиги ҳамда таъсир механизмларини текширишга ундаган.
Дастлаб олимлар CDK12/CDK13 ингибитори бўлган CTX-439 препаратини яратишди. Кейин уни саратон ҳужайраларининг турли линияларида ва кўкрак бези саратонининг сичқонлардаги моделларида синаб кўришди.
Шундан сўнг тадқиқотчилар CRISPR технологияси ёрдамида генетик скрининг ўтказиб, CTX-439 таъсирига чидамлилик билан боғлиқ иккита муҳим омил — BCL-2 ва BCL-xL оқсилларини аниқлашди. Улар антиапоптотик оқсиллар бўлиб, апоптоз, яъни ҳужайраларнинг дастурлаштирилган ўлимини тўхтатади ва шу орқали саратон ҳужайраларининг кўпайишига ёрдам беради.
Олимлар антиапоптотик MCL1 оқсили билан боғлиқ янада ғайриоддий ҳолатни кузатишди. CTX-439 препарати билан даволаш сплайсинг жараёнининг бузилишига ва транскрипциянинг меъёрий тугаш нуқтасидан ташқарига давом этишига олиб келган.
Бу ҳолат ядродаги MCL1 транскрипциясининг кучайишига, цитоплазмада эса сусайишига сабаб бўлган. Бу эса етук мРНКнинг цитоплазмага етиб бориши етишмаётганини кўрсатади. Натижада MCL1 экспрессияси тез пасайган ва саратон ҳужайраларининг яшаб қолиш учун BCL-2 ҳамда BCL-xL оқсилларига боғлиқлиги ошган.
«Айниқса, ядро ва цитоплазма РНКсини алоҳида таҳлил қилиш орқали ушбу яққол зиддиятни бартараф эта олганимиз қизиқарли бўлди», — дейди тадқиқот муаллифи Косукэ Юса.
РНК секвенирлаш маълумотлари таҳлили CTX-439 узун генларда транскрипциянинг давом этишига тўсқинлик қилишини, айни пайтда MCL1 каби қисқа генларда транскрипциянинг меъёрий тугаш нуқтасидан ташқарига давом этишига ёрдам беришини кўрсатди. Шу тариқа препарат ҳар икки турдаги генларга самарали таъсир кўрсатган.
Якуний босқичда тадқиқотчилар CTX-439 препаратини BCL-2/BCL-xL ингибитори билан биргаликда синаб кўришди. Ушбу комбинация ҳар бир ингибитор алоҳида қўлланилган ҳолатга нисбатан апоптоз жараёнини сезиларли даражада кучайтирди. Шунингдек, лаборатория шароитида ҳам, тирик организмда ҳам ўсмага қарши самарали фаолликни намоён этди.
«Ушбу юқори селективликка эга ва оғиз орқали қабул қилиш мумкин бўлган ингибиторнинг яратилиши саратонни даволашнинг янги усулига яна бир қадам яқинлаштирди», — дейди Chordia Therapeutics Inc. компаниясининг етакчи илмий ходими Хироко Ямакава.
«CTX-439 самарадорлигига таъсир қилувчи омилларни аниқлаш ўсмага қарши янада юқори самарага эга комбинацияланган даволаш усулларини ишлаб чиқишга олиб келиши мумкин», — дея қўшимча қилган у.
Тадқиқотчилар жамоаси CTX-439 таъсири асосида ётувчи механизмларни ўрганиш ва мазкур тадқиқотда қўлланилган комбинацияланган терапия самарадорлигини баҳолаш учун клиникагача бўлган тадқиқотларни давом эттиришни режалаштирмоқда.
