Мерц немисларни давлат харажатлари қисқаришига тайёрланишга чақирди
Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакат аҳолисини қийин қарорлар қабул қилишга ва давлат харажатларининг қисқаришига тайёр туришга чақирди. Унинг таъкидлашича, Германия энди фуқаролар сўнгги йилларда ўрганиб қолган барча давлат харажатларини молиялаштира олмайди.
«Биз келажакда нималарни молиялаштиришни давом эттиришимиз, нималардан эса воз кечишимиз кераклигини келишиб олишимиз лозим», — деди ҳукумат раҳбари Бундестагдаги чиқиши чоғида.
Мерц бу баёнотни 2027 йил учун федерал бюджет муҳокамаси вақтида билдирди. Унинг сўзларига кўра, давлат қарзининг юқорилиги ва харажатларнинг ортиб бориши келгуси йилларда молиявий имкониятларни чекламоқда. Канцлер мамлакат ўз имкониятларини реал баҳолаши зарурлигини, акс ҳолда келажак авлодлар мустақил қарор қабул қилиш учун етарли маблағга эга бўлмаслигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Мерц умумий харажатлари қарийб 560 миллиард евро ва янги қарз олиш ҳажми 210 миллиард евро этиб белгиланган бюджетни ҳимоя қилди. У ҳужжатни тайёрлаш осон кечмаганини тан олди, бироқ мавжуд шароитда уни мақбул деб баҳолади.
Канцлер ўнлаб йиллар давомида тўпланиб келган муаммоларни бир ёки икки йиллик бюджет доирасида ҳал этиб бўлмаслигини таъкидлади. У ижтимоий соҳани ҳам қамраб олган ислоҳотларни тезлаштиришга чақирди.
Бироқ Мерц айнан қайси ижтимоий тўловлар ва давлат хизматлари қисқартирилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот бермади.
