ҲАМАС Исроилнинг ҳужумларига жавоб қайтармоқчи
Ғазо секторида сулҳга қарамай Исроил ҳужумлари тўхтамаяпти. ҲАМАС етакчиси Халил ал-Ҳайя гуруҳ Исроилнинг давомли ҳужумларига чидаб турмаслигини айтди.
«Ўлдириш ва қамални сулҳ келишуви доирасида қабул қилиб бўлмайди», — деди ал-Ҳайя. Унинг айтишича, ҲАМАС бошқа фаластин гуруҳлари билан Исроилнинг қоидабузарликларига қандай жавоб қайтаришни муҳокама қилади. У бу ҳақда батафсил тўхталмади.
Reuters’нинг ёзишича, бу ҲАМАСнинг жавоб қайтариши мумкинлиги ҳақидаги камдан кам ишоралардан бири. Исроил сўнгги ойларда гуруҳга қарши ҳужумларни кучайтириб, унинг ўнлаб раҳбар ва аъзоларини ўлдирганди.
Маҳаллий шифокорларга кўра, Исроилнинг сўнгги зарбалари Ғазода камида 10 кишининг ўлимига олиб келди. Улар орасида ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси ва гуруҳ тайинлаган таълим вазири ўринбосари Холид Абу Нада ҳам бор. У 24 ноябрдан бери Исроил ўлдирган учинчи юқори мартабали ҲАМАС расмийсидир.
Исроил армиясига кўра, Абу Нада ҲАМАСнинг молиявий тармоғини бошқарган ва маблағларни жанговар фаолиятга йўналтирган. ҲАМАС Абу Наданинг ўлимини тасдиқлади, бироқ Исроилнинг бошқа айбловларига изоҳ бермади. Гуруҳ олимлар ва ҳарбий бўлмаган шахсларни нишонга олишни “жирканч жиноят” деб атади. ҲАМАС, шунингдек, Трампнинг “Тинчлик кенгаши”ни ҳужумларни тўхтата олмагани учун сиёсий ва маънавий жавобгар деб билишини маълум қилди.
Сулҳ келишувига 2025 йил октябрда эришилганди. Маълумотларга кўра, ўшандан бери камида 1 600 фаластинлик ва 5 нафар исроиллик аскар ўлдирилган.
