Энн Ҳетеуэй учинчи бор она бўлди: Голливуд юлдузини табриклашмоқда
Голливуднинг машҳур актрисаси, «Малика кундалиги» фильми орқали танилган Энн Ҳетеуэй учинчи фарзандини дунёга келтирди. Унинг мухлислари ва ҳамкасблари ижтимоий тармоқларда актрисани қувончли воқеа билан табрикламоқда.
Маълум бўлишича, актриса ва унинг турмуш ўртоғи Адам Шулман оиласида яна бир чақалоқ пайдо бўлган. Ҳетеуэй жорий йил июнь ойида учинчи марта ҳомиладор эканини эълон қилган эди.
Яқинда актриса Нью-Йорк кўчаларида дугонаси билан сайр қилаётганида папараццилар камерасига тушди. Суратларда у чақалоғини махсус болалар сумкасида кўтариб олгани акс этган. Бироқ юлдуз фарзандининг юзини оммага кўрсатмасликни маъқул кўрган.
Ҳозирча Энн Ҳетеуэй ва Адам Шулман чақалоқнинг жинси ҳамда исмини ошкор қилмаган. Айрим хорижий нашрлар уларнинг қиз фарзандли бўлганини ёзмоқда, аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Энн Ҳетеуэй ва Адам Шулман 2012 йилда турмуш қурган. Уларнинг Жонатан исмли 10 ёшли ва Жек исмли 6 ёшли икки ўғли бор.
Актриса аввалги интервьюларида оналик йўлида оғир синовларни ҳам бошдан кечирганини айтган. Жумладан, 2015 йилда унинг ҳомиласи нобуд бўлган. Ҳетеуэй бу ҳақда орадан тўққиз йил ўтиб, шунга ўхшаш мусибатни бошидан кечирган аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида очиқ гапирган эди.
Сўнгги пайтларда актриса фарзандларига кўпроқ вақт ажратмоқда. Шу билан бирга, у кино соҳасидаги фаолиятини ҳам давом эттириб, машҳур «Қаттиққўл хоним» фильмининг давомида суратга тушган.
