Экспертлар Россия кўприкни уруш даврида тиклай олмаслигини айтмоқда

Экспертлар Россия кўприкни уруш даврида тиклай олмаслигини айтмоқда

Украина зарбаси оқибатида Қрим кўприги жиддий шикастланган.

Россия Тергов қўмитаси расмий маълумотида дронлар ҳужуми оқибатида «конструкцияга зарар етказилгани» маълум қилинган. Украина томони эса кўприкка нафақат дронлар, балки ракеталар билан ҳам зарба берилганини билдирган.

«Бу зарба видеоси Украинада ишлаб чиқариладиган оғир FP-5 “Фламинго” қанотли ракеталарига мос келади, улар аниқликни ошириш ва Керч кўпригининг таянч конструкцияларига етиб боришни таъминлаш мақсадида масофадан бошқариш учун модернизация қилинган бўлиши мумкин», – деди BBC нашрига Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институти ходими Жастин Бронк.

Black Bird Group OSINT-лойиҳаси таҳлилчиси Эмил Кастелми X ижтимоий тармоғида кўприкка 16 ноябр куни берилган биринчи зарбадаёқ автомобил кўпригининг пўлат аркаси шикастланган бўлгани ҳақида ёзган. Унинг баҳолашича, сешанба кунги ракета ва дронларнинг қўшма ҳужуми “тўлиқ коллапс”га олиб келган.

Темирйўл ўтган кўприкка етказилган зарар кўламини баҳолаш қийин, сешанба куни бу йўлда поездлар қатнови тикланган. Шу поезд йўловчиси томонидан олинган видеода автомобил кўпригининг бир қисми арка билан биргаликда бутунлай қулаб тушганини кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, учта оралиқдаги йўл қопламаси сувга тушиб кетган.

Кремл расмий вакили Дмитрий Песков эса Қрим кўприги яна тикланишига ваъда бермоқда. «Қайта тиклаш ишларининг кетма-кетлиги, вақт чегаралари белгилаб олинади. Аслида, кўприк қайта тикланишига ва аввалгисидан ҳам яхшироқ бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ», – деган у.

Россияда Қримга таъминот етказиш учун Запорижжя ва Херсон вилоятларининг ишғол этилган ҳудудлари орқали қуруқлик йўлаги, Керч бўғозидан паромда ташиш ва денгиз кемалари орқали ташиш имкониятлари қолмоқда.

Шу билан бирга, бу йўналишларнинг барчаси украин зарбалари қаршисида ожиз, денгиз йўналиши эса портлаш оқибатлари сув ўтиш йўлини тўсиб қўйгани билан янада мураккаблашади. Кўприк қолдиқлари йирик кемалар ўтишини қийинлаштиради ва Азов денгизидаги Мариупол ва Бердянск портлари учун қўшимча муаммолар туғдиради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: