Ўзбошимчалик билан қурилган уй ва иморатлар аёвсиз бузилади
Ўзбошимчалик билан қурилган уй ва иморатлар аёвсиз бузилади. Бу ҳақида Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташходжаев маълум қилди.
Бугунги кунда кўплаб юртдошларимиз Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Сенатига юборилган “Ноқонуний ўзлаштириб олинган ҳамда мазкур ерларга ўзбошимчалик билан қуриб олинган объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш” тўғрисидаги қонунни кутишаётгани сир эмас.
– Ҳужжати йўқ уйларга кадастр ҳужжатларини қилиб бериш бошланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин айрим “уддабуронлар” тезкорлик билан иморат қуриб олиб, “бу уйни 5-10 йил олдин қурганман деб иддао қилсам ҳужжатлаштириб оламан” деб ўйлаши натижасида ҳудудларда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, қурилиш қилаётганлар ҳам учрамоқда.
Аммо “Қонун чиқса, уйимга ҳужжат қилиб оламан” деб ноқонуний қурилиш бошлаб юборганлар хато ўйлашади. Сабаби, Кадастр агентлиги томонидан ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар, хариталари бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтариб текширишимиз мумкин. Бу жараёнда инсонлар фақат ўзларига моддий зарар кўришлари билан бир қаторда, жиноий жавобгар бўлишлари мумкин.
Сабаби биринчидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, у ерга ноқонуний қурилмани амалга оширганлик учун қонунчилигимизда Маъмурий жавобгарликдан, Жиноий жавобгарликкача чоралар белгиланган. Шунинг учун бундай тоифадаги инсонлар ҳозирги кунда ўзбошимчалик билан иморат қураётган бўлса, ўз-ўзидан тўхтатишларини ва ерни асл ҳолатига қайтаришларини сўраймиз.
Қабул қилиниши кутилаётган қонунда ҳозирги даврда эгаллаб олиб қурилиш қилаётган биноларга ҳуқуқни эътироф этиши назарда тутилмаган. Аксинча ҳозирда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилиш қилаётганлар қонунбузурлик турига кўра маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади, – дейди Бекзод Ташходжаев.
Ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олингани учун жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1971 ҳамда 2291-моддаларида белгиланган. Энг муҳим қисмига тўхталиб ўтамиз.
2291-модданинг биринчи қисмига кўра, Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2291-модданинг иккинчи қисмида, Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Б.Ташходжаев юртдошлардан ерга оид қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишларини, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликларини сўрамоқда.