Италия полициясининг собиқ раҳбари мафия томонидан судьянинг ўлдирилиши бўйича тергов фонида ўз жонига қасд қилди
Италия полициясининг собиқ раҳбари Жанни Де Дженнаро 78 ёшида ўз жонига қасд қилди. Бу воқеа 1992 йилда Сицилия мафияси томонидан судья Паоло Борселлинонинг ўлдирилиши иши бўйича терговга тўсқинлик қилишга уринишлар юзасидан олиб борилаётган суриштирувлар фонида содир бўлди.
La Repubblica газетаси хабар беришича, Де Дженнаронинг жасади шанба куни эрталаб Тоскана вилоятидаги дала ҳовлисидан топилган. У билан боғлана олмаган қариндошлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишган.
Гроссето шаҳри прокуратураси шахсни ўз жонига қасд қилишга етказиш эҳтимоли бўйича жиноят иши қўзғатган. Ҳозирча тергов доирасида гумонланувчилар аниқланмаган.
Аввалроқ Де Дженнаро 1992 йилда Палермо шаҳрида автомобиль портлаши оқибатида судья Паоло Борселлино ва унинг беш нафар қўриқчиси ўлдирилиши ҳолатларини аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган эҳтимолий уринишлар бўйича терговда фигурантга айлангани маълум бўлган эди.
Прокуратура полициянинг собиқ раҳбарини уй қамоғига олишни сўраган, бироқ суд бу илтимосномани рад этган. Айблов томони қарор устидан шикоят қилган ва шикоят 1 декабрь куни кўриб чиқилиши кутилган.
Италия оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, жасад ёнидан қариндошларига йўлланган видолашув хатлари, шунингдек, эҳтимол, тергов доирасида ўзини ҳимоя қилиш учун тайёрланган ҳужжатлар топилган.
Де Дженнаро 2000 йилдан 2007 йилгача Италия полициясини бошқарган. У Борселлинонинг ўлдирилиши бўйича терговга тўсқинлик қилишга алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этган.
