Қирғизистонда ҳайдовчисиз мини юк машинаси 29 болани уриб юборди

Қирғизистонда ҳайдовчисиз мини юк машинаси 29 болани уриб юборди

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида байрам вақтида музқаймоқ ортилган мини юк машинаси 29 нафар болани уриб юборди, ҳозирда улардан етти нафари реанимацияда, уч нафарининг аҳволи оғир, деб хабар бермоқда «Кабар» агентлиги.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жабрланганлар 9−16 ёш оралиғида бўлган. Жами 18 нафар бола касалхонага ётқизилган. 11 нафар фуқаро воқеа жойида тиббий кўрикдан ўтказилиб, амбулатор даволанишга юборилган.

 

Ҳодиса 2 май куни тушдан кейин Жерге-Тал қишлоғидаги тоғ ёнбағрида мактаб ўқувчилари «Манас» достонини ўқиш учун йиғилган республика танлови вақтида юз берган.

 

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчи Hyundai Porter`ни тўхтатганини, бироқ фургон «номаълум сабабларга кўра» тепаликдан пастга ҳаракатлана бошлаганинин маълум қилди.

 

Фавқулодда вазият вақтида ҳайдовчи машинада бўлмаган, шунинг учун болалар билан тўқнашув қасддан содир этилмаган жиноят сифатида баҳоланмоқда, дея таъкидлади бошқарма.

 

«Porter иштирокчиларга музқаймоқ тарқатиши керак эди. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у машинани воқеа бўлиб ўтган жой тепасида тўхтатган. Машина нима сабабдан пастга юриб кетгани ва болаларни уриб юборгани ҳозирча номаълум», — дея хабар бермоқда 24.kg милиция маълумотларига таяниб.

Дўстларингизга ҳам юборинг: