Ватикан папа Францискнинг кундаликларини эълон қилди
Ватикан папа Францискнинг кундаликларини эълон қилди: у шайтонни уч марта кўрганини айтган.
2025 йилда вафот этган Рим папаси Франциск 1992 йилдан 2024 йилгача шахсий кундалик юритган. У вафотидан сўнг ушбу ёзувларни тасарруф этиш ва нашр қилиш ҳуқуқини ишончли вакили, кардинал Виктор Мануэль Фернандесга топширган. Кундаликларда папанинг шайтон билан уч марта юзма-юз келгани ҳақидаги қайдлари ҳам мавжуд.
Франциск шайтонни ўз кўзлари билан кўрганига, ҳатто бир сафар унинг овозини эшитганига ишонган. У бу кечинмаларини 2021 йил 24 январдаги кундалик ёзувида батафсил баён қилган.
Унинг қайд этишича, биринчи воқеа тахминан 15 йил аввал, ҳали Буэнос-Айрес архиепископи бўлиб ишлаган даврида содир бўлган. У автомобиль ойнасидан бир шахс қиёфасини кўрган ва унинг «таҳдидли ва айни пайтда ўзига жалб қилувчи кўзлари»ни эслаб қолган.
Иккинчи бор шайтон кармелитлар ибодатхонасида пайдо бўлган. Франциск унинг кўзларини оловдек деб таърифлаган. Яқинлашаётган қиёфадан қўрққан у тасбеҳини маҳкам ушлаб, Биби Марямга илтижо қилган. «Биби Марям мени қутқарди», деб ёзган у.
Учинчи воқеа эса Чилига сафари ортидан Римда содир бўлган. Бу сафар Франциск нафақат шайтонни кўрган, балки унинг тантанавор ва ҳукмрон оҳангдаги овозини ҳам эшитганини қайд этган. Айниқса, овознинг баланд ва бўғиқлиги унинг ёдида қолган.
Кундаликлардаги ягона ғайриоддий кечинмалар шайтон билан боғлиқ воқеалар эмас. 2018 йил 7 июндаги ёзувда Франциск бир кун аввал тунда дўзахга кириш жойини кўрганини, шундан сўнг тасбеҳини «қурол сифатида» қўлига олганини таъкидлаган. У бу кечинмаларни руҳий васваса билан боғлаган.
Шу билан бирга, Ватикан ўзининг расмий ахборот манбаларида шайтон билан учрашувлар ҳақидаги қайдларнинг аҳамиятини камроқ ёритиб, уларни шунчаки «руҳий кўринишлар» сифатида таърифламоқда.
