Исроил «Эрон кимёвий қуролга эга» деган баҳона билан АҚШни урушга тортмоқчи
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Исроилни Қўшма Штатларни яна бир урушга жалб қилишга уринаётганликда айблади. Бунга Исроилнинг Теҳрон кимёвий қурол яратаётгани ҳақидаги баёноти сабаб бўлди.
«Уруш тарғиботчиси бўлган Исроил Эронни бундай даҳшатли қуролларни яратиш ва уларни фармацевтика заводларида яширишда айбламоқда. Мақсад эса очиқ-ойдин: Қўшма Штатларни алдаш орқали ўзининг ўрнига яна бир уруш олиб боришга мажбур қилиш», — деди Эрон ТИВ раҳбари.
Исроил узоқ йиллардан бери Эронни ядровий қуролга эга бўлишга уринишда айблаб келади. Бироқ 24 ноябр куни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Теҳрон кимёвий қурол ишлаб чиқараётганини даъво қилди ва бунга йўл қўймасликка ваъда берди.
«Эрон кимёвий қурол яратиш жараёнида, бироқ ҳали улар билан Исроилга ҳужум қилиш салоҳиятига етгани йўқ. Биз бунинг давом этишига йўл қўймаслигимиз керак» — дейилади Кацнинг баёнотида.
