Мигрантлар оқими кучайган Канар оролларидан бири ҳарбийлар ёрдамини сўради
Канар оролларида мигрантлар оқими янада кучайди. 24 ноябрь куни рекорд даражадаги ҳолат қайд этилди: бир куннинг ўзида 2100 нафарга яқин эркак, аёл ва бола кичик Эль-Йерро оролига етиб келди. Улар орасида Ғарбий Африкадан денгиз орқали йўл олаётган қайиқда туғилган, атиги тўрт кунлик чақалоқ ҳам бор.
Аҳолиси атиги 12 минг нафар атрофида бўлган оролда вазият тобора кескинлашмоқда. El Español журнали маълумотларига кўра, бир ойга етмаган вақт ичида оролга қарийб 15 минг нафар мигрант келган. Бу эса Эль-Йерронинг доимий аҳолиси сонидан ҳам кўпдир.
Минтақавий ҳукумат раҳбари Фернандо Клавихо ўтган сешанба кунини «қайғули тарихий кун» деб атади. Унинг таъкидлашича, юзага келган вазият «қабул қилиб бўлмайдиган даражага етган» ва «назоратдан анча узоқ».
Шундан сўнг минтақавий ҳукумат одатда йирик фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этишда жалб қилинадиган Испаниянинг UME ҳарбий бўлинмасидан ёрдам сўради.
Клавихонинг айтишича, оролда санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ жиддий қийинчиликлар юзага келган. Махсус бўлинма аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тегишли хавфсизлик чораларини таъминлашда ёрдам бериши кутилмоқда.
Эль-Йеррога тушаётган босимни камайтириш мақсадида қарийб 800 нафар мигрантни Тенерифе оролига кўчириш режалаштирилган. Қолганларнинг бир қисмини эса самолётларда Испаниянинг материк қисмига олиб бориш кўзда тутилган.
Клавихо Брюсселдан ҳам ёрдам кутмоқда. У Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан шошилинч учрашув ўтказишни ва Европа Иттифоқи томонидан фавқулодда чоралар кўрилишини талаб қилди.
Вазиятнинг нақадар кескинлашганини рақамлар ҳам кўрсатмоқда: ноябрь ойида Канар оролларига мигрантлар ортилган қайиқлар етиб келмаган кунлар атиги беш кунни ташкил этган.
