Мисрда газ баллонлари ортилган юк машинаси портлаши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди

Мисрда газ баллонлари ортилган юк машинаси портлаши оқибатида 31 киши ҳалок бўлди

Миср пойтахти Қоҳира яқинидаги йўллардан бирида йирик портлаш содир бўлди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, газ баллонлари ташиётган юк машинаси гавжум йўлда портлаган. Ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган, яна 21 киши жароҳат олган.
Юк машинаси Имбаба ҳудудидаги туннель устида жойлашган йўлдан чиқиб кетиб, аварияга учраган. Шундан сўнг бир нечта кучли портлаш содир бўлиб, ёнғин юзага келган. Машҳур Гиза пирамидалари ҳодиса жойидан тахминан 15 километр жануби-ғарбий томонда жойлашган.

Ҳодиса жойидан олинган видеоларда фожиа кўлами акс этган: йўл узра улкан аланга кўтарилган, бир нечта автомобиль ёнғин ичида қолган. Ҳудуд осмонини қуюқ қора тутун қоплаган.

Қутқарувчилар кўплаб куйган жасадлар аниқланганини маълум қилган. Ҳодиса жойида 27 та автомобиль бутунлай ёниб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган.

Миср Қизил Ярим Ой жамияти ва Фуқаро муҳофазаси хизмати қутқарув ишларига катта кучларни жалб этган. Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, фалокат жойига жами 39 та тез тиббий ёрдам машинаси юборилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: