АҚШда кучли бўрон сабаб 900 мингдан ортиқ хонадон ва корхона электрсиз қолди

АҚШда кучли бўрон сабаб 900 мингдан ортиқ хонадон ва корхона электрсиз қолди

26 ноябрь, пайшанба куни кечқурун АҚШнинг шарқий ҳудудларида кучли бўрон туфайли 900 мингдан ортиқ хонадон ва корхона электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда мамлакат бўйлаб электр узилишларини кузатиб борувчи PowerOutage портали маълумотларида қайд этилган.

Шукрона кунида ноқулай об-ҳаводан энг кўп Пенсильвания, Нью-Жерси ва Мэриленд штатлари аҳолиси зарар кўрди. Ушбу ҳудудларда мос равишда 196 минг, қарийб 175 минг ва 136 мингга яқин истеъмолчи электрсиз қолган.

АҚШнинг шарқий соҳиллари бўйлаб, айниқса Виржиния штатида сув тошқинлари кузатилган. Кучли шамол дарахтларни қулатмоқда. Нью-Жерсида эса 25 ноябрдан буён фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда.

Кучли ёмғир ва бўронлар авиақатновларга ҳам салбий таъсир кўрсатди. AFP агентлиги FlightAware маълумотларига таяниб хабар беришича, мамлакат бўйлаб қарийб 400 та рейс бекор қилинган, 2 мингдан ортиқ рейс эса кечиктирилган.

Нью-Йорк штатида ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Ҳозирда у ерда 73 мингдан ортиқ хонадон ва корхона электрсиз қолмоқда. Миллий об-ҳаво хизмати Нью-Йоркдаги Марказий боғда шамол тезлиги соатига 77 километрга етганини қайд этган. Прогнозларга кўра, шамол тезлиги соатига 105 километргача кучайиши мумкин, шундан сўнг об-ҳаво шароити аста-секин яхшиланиши кутилмоқда.

Ноқулай об-ҳаво сабаб Нью-Йоркда Macy’s компанияси анъанавий равишда ташкил этадиган, улкан пуфланадиган қаҳрамонлар иштирокидаги Шукрона куни паради ҳам қолдирилди. Бу тадбир 100 йил ичида биринчи марта бошқа санага кўчирилди. Парадни 28 ноябрь куни ўтказиш режалаштирилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: