Toyota тўққиз ойдан бери савдолар ҳажмининг пасайишини тўхтата олмаяпти

Toyota тўққиз ойдан бери савдолар ҳажмининг пасайишини тўхтата олмаяпти

Toyota Motor компанияси кетма-кет тўққизинчи ойдирки, автомобиллар савдоси ҳажми камайганини қайд этмоқда.

Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Концерннинг октябрь ойидаги жаҳон бўйича савдоси, жумладан, унинг шўъба корхонаси Daihatsu Motor Company кўрсаткичлари билан бирга ҳисоблаганда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга камайиб, 940 809 донани ташкил этди. Ишлаб чиқариш ҳажми эса 9,4 фоизга қисқариб, 953 989 та автомобилни ташкил қилди.

Бензин нархининг кескин ошиши, Хитойда электрификация тизимига эга бўлмаган автомобилларга талабнинг пасайиши ҳамда Яқин Шарқдаги етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар Япония автоконцернининг йилнинг катта қисмида автомобилларни камроқ ишлаб чиқариши ва сотишига сабаб бўлди.

Хитойда Toyota ва Lexus русумли автомобиллар савдоси 25 фоизга кескин пасайди. Toyota компаниясининг ойлик савдоси Японияда 5,7 фоизга, Ҳиндистонда эса 12 фоизга камайди. Бироқ гибрид автомобилларга талаб юқори бўлгани сабабли АҚШга етказиб бериш ҳажми 6,5 фоизга ошди.

Toyota маълум қилишича, 2026 йилда гибрид автомобиллар савдоси илк бор 5 миллион доналик кўрсаткичдан ошиши кутилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Honda Motor компаниясининг ҳам кўрсаткичлари ёмонлашган. Октябрь ойида унинг жаҳон бўйича савдоси 10 фоизга камайиб, 263 136 донани ташкил этган. Бунда Хитойдаги савдо 52 фоизга кескин тушиб кетган.

Nissan Motor компанияси эса савдолар 18,5 фоизга пасайганини маълум қилди. Хитойда бу кўрсаткич 67 фоизга қисқарган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: