АҚШ Япониянинг беш йиллик мудофаа бюджети миқдоридан норози
Япония 2027 молиявий йилидан бошлаб беш йил давомида мудофаа соҳасига 60 триллион иенадан (тахминан 376 миллиард доллар) кам маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бироқ АҚШ ушбу маблағни мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун етарли эмас, деб ҳисобламоқда.
Бу ҳақда Kyodo News агентлиги ўз манбаларига таяниб маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мудофаа харажатларининг якуний миқдори ҳозирча белгиланмаган.
Ноябрь ойи бошида Япония бош вазири Санаэ Такаити жамоаси келгуси беш йил учун мудофаа харажатларини тахминан 56 триллион иена миқдорида белгилашни таклиф қилган. Бу сумма Мудофаа вазирлигининг баҳосидан анча кам. Вазирлик қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар хариди учун 70–80 триллион иена зарурлигини билдирган.
Ҳукуматнинг қайта қуролланиш режаси эҳтимолий узоқ давом этадиган ҳарбий можарога тайёргарлик кўриш мақсадида учувчисиз учиш аппаратлари, ўқ-дорилар ва ракеталарни кенг кўламда харид қилишни назарда тутади.
Дастлабки режа ҳукмрон коалиция — Либерал-демократик партия ва Япония инновациялар партияси ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлди. Иккинчи партия мудофаа учун камида 70 триллион иена ажратилишини талаб қилмоқчи. Якуний қарор Такаити ихтиёрида қолмоқда. У, шунингдек, истеъмол солиғини камайтириш бўйича ваъда қилинган чора-тадбирларни молиялаштиришга ҳам ҳаракат қилмоқда.
Вашингтон 60 триллион иенадан кам маблағ Токиога мудофаа қобилиятини етарли даражада мустаҳкамлаш имконини бермайди, деб ҳисоблайди. Ушбу масала 8 декабрь куни Пентагон раҳбари Пит Хегсетнинг Японияга ташрифи чоғида муҳокама қилиниши мумкин.
Япониянинг 2023–2027 йилларга мўлжалланган амалдаги мудофаа дастурида тахминан 43 триллион иена миқдорида харажатлар кўзда тутилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти иттифоқчиларини мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 3,5 фоизигача оширишга ва ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирмоқда.
