Макрон Мбаппенинг Олимпиадага боришига умид қилмоқда
Франция президенти Эммануэл Макрон Килиан Мбаппенинг бўлажак клуби унинг Олимпиадага боришига қаршилик қилмаслигига умид билдирди.
Олимпия машъаласининг Францияга етиб келганига бағишланган Марселдаги маросимда мамлакат президенти ҳам қатнашди. Макрондан Мбаппенинг Олимпиадага келиш ёки келмаслиги ҳақида сўрашди.
«Унинг келишига умид қиляпман. Ҳар қандай вазиятда ҳам Мбаппенинг бўлажак жамоаси дейилаётган клубга имконқадар босим ўтказдим», – деди Макрон.
Маълумот учун, Килиан ёзда «ПСЖ»ни эркин агент сифатида тарк этади. Унинг «Реал»га ўтишга яқин экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, Франция олимпия жамоаси бош мураббийи Тьерри Анри Мбаппе, Гризманн ва Жируни Париж-2024 Олимпиадаси учун таркибга қўшмоқчи эканини маълум қилганди.