Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (11-қисм)

Она бечора бегона йигитнинг олдида қизини тергагиси, уялтиргиси келмади. Опаси билан чўқишиб қолганга йўйди.

Малоҳат Фазлиддинга қарай олмади. Онаси сезиб қолишидан қўрқди. Шу боис қўлида чойнак билан чиқиб кетди.

Бир муддатдан кейин муаллим кириб келди.

— Гапир, — деди Фазлиддинга, — дашноқлардан гапир.

Фазлиддин устози ва Камол Шондан нимани эшитган бўлса, шуларни такрорлади. Айниқса, «Қарғалар учса қарайлик» қўшиғини шунақа тавсиф қилдики, эшитиб ўтирган муаллимнинг аёли беихтиёр кўзига ёш олди.

— Уйинг куйгурлар-эй! — деди Фазлиддин ҳикоясини тугатганидан кейин.

— Бундай маълумот ҳеч қачон китобга киритилмайди, — деди муаллим бироз ўйга толиб.

— Ҳа, — дея унинг гапини маъқуллади Фазлиддин, — агар йиғиб борилса, бир куни фойдаси тегиб қолса керак.

— Буниси тўғри. Лекин қачон фойдаси тегади?.. Балки, умуман тегмас, шунчаки қандайдир маълумот ўрнида қабул қилиб қўя қолишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қара, қанча нарса одамлардан яширилади? Агар яширишмаса, биласанми, нима бўлади?

— Йўқ, — дея бош чайқади Фазлиддин.

— Қиёмат қўпади. Дашноқлар билан ўзбеклар орасида шунақанги қирғинбарот юз берадики, кейин уни тўхтатишнинг сира имкони бўлмайди. Сен яна нимани ўргандим дегандинг?

— Ҳали ўрганмадим. Вақт керак экан. Шунчаки, арабча ўқишни биламан. Яна қўшимча бир-иккита сўзларни ёд олдим. Устозларнинг гапларига қараганда, форс ва рус тилини билмай туриб, тарихни варақлашнинг имкони йўқ экан.

— Тўғри гапни айтишибди. Менга қара, қурилиш техникумига кирдим дединг. Ҳаракатларингга қараганда, сен қурувчи эмас, тарихчига айланиб қоласан-ку.

— Қизиқиш-да.

— Ҳа, қизиқишнинг борлиги яхши… Шошма, нега сенга ҳалигача овқат олиб келишмади? — дея аёлига қаради муаллим.

— Кетаман. Қорним ҳам тўқ. Уйга боришим керак эди, — дея эътироз билдирди Фазлиддин.

— Бир коса овқат ичиб кет. Шу тўқ қорнингнинг бир бурчагидан жой оч, — дея кулди муаллим.

Унинг хаёли дашноқлар билан банд эди. Ўзини ўзи чалғитиш учун шундай деяётганди.

Аёли эса енгилгина танбеҳни эшитиши билан ўрнидан турди. Ташқарига чиқиб, Саидани чақирди. Саида бу пайтда Малоҳат билан баҳслашаётганди.

Малоҳат умрида қилмаган ишга қўл урди. Буни ҳам Фазлиддин ўзига тегишли гап билан келганлиги учун қилди. Ахир у: «Асли келишимдан мақсад сизни кўриш», деб ёзибди-ку. Наҳотки шуни отасига ҳам айтса… Мана шу ўй гап пойлашга ундади уни. Аммо у Фазлиддин отасига умуман бошқа нарсаларни айтганини эшитгач, чой дамлаб киришни ҳам унутиб, опасининг ёнига югурди.

— Боринг, қулоқ солинг гапларига, биласиз нимага келганлигини! Дарров мени айбдор қиласиз… — деди жаҳл билан.

— Менга нима дейсан? Ана, мактабда ҳамма биларкан Фазлиддин сени яхши кўришини, — деди бунга жавобан Саида.

— Нима, ўзининг оғзи билан айтибдими у шу гапларни? Мактабда нима гаплар бўлмайди! Энди шу қилганингиз учун чойни ўзингиз олиб киринг! Идишларниям сиз ювасиз бугун менга туҳмат қилганингиз учун! — деди тарози палласи ўзи томонга оға бошлаганидан хурсанд бўлган Малоҳат. Саида бурнини жийирди. Худди шу пайт онаси уни чақирди.

Опаси эшикдан чиқиши билан Малоҳат хатни яшириб қўйган жойидан олди ва яна кўз югуртирди. Юраги ҳаприқди. «Лекин сиз ёмон бола экансиз, — дея кўнглидан ўтказди, — мени кўриш учун отамдан фойдаланибсиз…» Унинг юзида ним табассум пайдо бўлди. Бироз олдин у Фазлиддинни ёмон кўрганди. Ўша нарса йўқолди. Унинг ўрнини қандайдир бошқа бир туйғу эгаллаб олди. Шоша-пиша жавоб хатини ёзишга тушди.

«Сиз ёмон бола экансиз, ёмон бола, ёмон бола. Мени роса уялтирдингиз. Энди бундай қилманг…» Бошқа ёзолмади. Аввало, опаси келиб қолишидан қўрқди. Кейин нима деб ёзишни ҳам билмади. Хаёлига тузукроқ фикр келмади. Қаёқдан ҳам келсин, бор-йўғи ўн бешга кирган бўлса?..

Кейин у хатни китоб орасига яшириб қўйиб, ўзи ташқарига чиқди. Бу пайтда Саида бир қўлида чойнак, иккинчисида коса билан эшик ёнида турарди.

— Тез эшикни оч, — деди у.

Малоҳатга айни шу нарса керак эди. У югуриб бориб эшикни очди ва шу баҳонада Фазлиддинга қарашга ва жилмайишга улгурди. Нега жилмайганини ўзи ҳам билмайди. Ахир шу биргина жилмайиш билан у сирини очиб қўйган эди-да.

Фазлиддин муаллим билан яна ярим соатдан мўлроқ гаплашиб ўтирди. Шу вақт ичида бир коса маставани паққос туширди. Мастава мазали экан. Тўймади. Лекин тўймаганини ошкор қилолмади. Кейин муаллимдан рухсат сўраганди, Малоҳатнинг отаси йўқ демади. Бироқ жавоб беришидан аввал:

— Қачон кетасан? — деди унга.

— Эртага соат саккиз яримларга кетаман. Шу билан янги йил арафасида келсам керак, — дея жавоб берди Фазлиддин.

Кетар вақтини атайин аниқ айтди. Эҳтимол, хабар Малоҳатга етиб борар деб ўйлади.

Адашмаган экан. У кетганидан кейин уйга кирган Саида билан Малоҳатнинг олдида ота унинг кетар вақтини билмай такрорлаб қўйди. Аслида, хотинига Фазлиддинни мақташ учун бу гапни айтган эди. «Қара, шу ёшидан вақтнинг қадрига етяпти. Эртага саккиз яримда кетаман дейди. Чунки саккизу қирқ бешда Тошкентга қатнайдиган автобус ўтади катта кўчадан», — деди.

Унинг сўзлари шу заҳоти Малоҳатнинг хотирасига муҳрланди.

Фазлиддинга қанот етишмаётганди. Бўлганида учарди у. Ахир бундай натижани умуман кутмаганди. Зўр! Зўр бўлганда ҳам унақа-бунақа эмас. Ҳатто бундан ортиғи бўлмайди. Бу ердан сира узоқлашгиси келмади. Бироқ кетиши керак. Кейинги сафар эмин-эркин келиши учун ҳам кетиши керак.

Яхшики, онасига саҳарлаб уйғотишни илтимос қилиб қўйганди. Акс ҳолда, аниқ пешингача ухлаб қоларди. Ахир ярим тунгача унинг уйқуси келмади. Олдинига Малоҳатнинг қиёфасини кўз олдида жонлантирди. Сўнг унинг сўзларини такрорлади. Кейин ширин хаёллар оғушига шўнғиб кетди.

Эрта тонгда бомдодни ўқиди. Ота ҳам, она ҳам ҳайрон. Ахир қишлоқда Фазлиддин тенгилар у ёқда турсин, ёшлари элликка бориб қолганларнинг ҳам бир-иккитасини ҳисобга олмаганда, қолганлари намоз ўқимайди. Бироқ на ота, на она ундан: «Намоз ўқишни кимдан ўргандинг? Нега бунча эрта бошладинг?» деб сўрамади. Шунчаки, индамай қўйишди. Баъзан худди шундай қилиб сўраш ҳам бўлаётган ишни бузиб қўйиши мумкин.

Фазлиддин чой-пойини ичиб, деярли икки километр узоқликдаги бекатга чиққунича соат миллари саккиз яримга яқинлашиб қолди.

Малоҳат келди. Тўғрироғи, мактабга ўтаётиб, Фазлиддиннинг ёнида бирровга тўхтади.

— Кетяпсизми? — деди саломдан кейин.

— Ҳа, — жавоб берди Фазлиддин ҳаяжондан юраги қинидан чиққудек бўлиб.

— Манави сизга, — дея кичкинагина қоғозчани берди қиз унга, — хатингиз почтадан келмасин. Мен уяламан. Ўзингиз билан олиб келинг. Ҳали келаркансиз-ку. Янги йилда.

— Хўп, — деди Фазлиддин, — лекин кўп-кўп ёзгим келганди. Майли, унда сиз ёзиб туринг. Қоғозларнинг биттасида менинг Тошкентдаги манзилим ёзилган.

Малоҳат жавоб бермади. Бунинг ўрнига:

— Хайр, — дея жилмайди ва мактаб томонга шошиб кетди.

Чунки Малоҳатнинг аҳволи Фазлиддинникидан баттар эди. Ўзи зўрға Фазлиддиннинг ёнига келиб олди. Аслида, уйидан мард бўлиб чиққанди. «Сиз бунақанги ишларингизни қилманг. Мен жудаям ёшман ўлдим-куйдим дейишга. Шундай экан, ҳар хил хатлар ҳам ёзаверманг. Бошқа бировнинг қўлига тушиб қолмагандаям, менинг ўзимга ёқмайди. Мен ҳали мактабни битиришим, ўқишга киришим керак. Миямни чалғитолмайман. Агар отамда ишингиз бўлса, ана, мактабга келинг. Бунинг учун уйга боришингиз шарт эмас», демоқчи эди. Бироқ бекатга яқинлашгани сайин, бундан ҳам ёмони, Фазлиддинга кўзи тушганидан кейин айтмоқчи бўлганларининг барини унутди. Бунинг ўрнига юраги ҳаприқиб кетди. Айтмоқчи бўлган нордон гапларининг ўрнини юмшоқлик, қандайдир меҳрибонлик эгаллаб олди.

Фазлиддин Малоҳат берган мактубни шу заҳоти очиб ўқимади. Автобусда ўқишни ният қилди. Ўтириб, хотиржамлик билан. Шуниси яхши. Одам маза қилади. Ҳар хил ширин хаёлларга берилади. Ҳозир эса шоша-пиша ўқийди. Бир сўз калласида қоладими-йўқми, Худо билади. Аммо ичи ёна бошлади. Сабрсизлик билан автобуснинг етиб келишини кута бошлади. Айни пайтда мутлақо кетгиси ҳам келмади. Бироқ кетиши керак. Бошқа иложи йўқ…

Бахтига, автобусда одам кам экан. Ўриндиқларнинг тахминан ярми бўш экан. Шу боис у автобус салонининг ўртароғига, деразанинг ёнига жойлашди-да, дарров Малоҳатнинг мактубини олиб очди. Бор-йўғи учта гап. Аммо шугинадан у улкан маъно топди. Шулардан энг асосийси, Малоҳатнинг ҳам ўзига нисбатан бефарқ эмаслиги эди…

Дераза ойнасига чаккасини қўйганча, ўзи режалаштиргандай кўзларини юмиб, ширин хаёлларга берилди. Шу бўйи қандай ухлаб қолганини ҳам сезмади.

Биров уни безовта қилмади. Сабаби, ҳали айтганимиздай, Тошкентга кетадиганлар жуда оз эди. Эртага эса кетиш азоб бўлади… Эҳтимол, ҳамма ҳам кетолмас.

У ётоғига етиб борганида кун асрга яқинлашганди. Фазлиддин шоша-пиша таҳорат олиб келди-да, пешинни ўқиб олди.

У кечаги ҳаяжонидан ҳали қутулолмаган экан, шу сабаб бирорта китобни тузукроқ ўқий олмади. Аммо режа тузди. Тузган режаси жуда кичкина эди.

Ҳеч нимага калла қотирмайди. Тил ўрганади ва домласининг ёнига қатнайди. Ҳа, яна Камол Шон билан ҳам учрашади. Кўпроқ учрашиш керак у билан ҳам, чунки ундан анча-мунча нарса ундириши мумкин. У ёғи Раъно, ҳа, ўша автобусда унинг ёнида ўтириб кетган қиз билан кўришув бор…

Эртасига пешиндан кейин ётоқхонага келувчилар шунақа кўп бўлдики, бирпасда ўқувчилар уйи бозорга айланди. Бақир-чақир, қарс- қурс…

Ҳамма емагини хонасига олиб кириб олган Фазлиддин ташқари тугул, йўлакка ҳам чиқмади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: