Доҳа–Дублин рейсида турбулентлик: 12 киши жароҳатланди
Жорий йилнин 26 май куни Қатар пойтахти Доҳадан Ирландия пойтахти Дублинга учган самолёт кучли турбулентликка учради. Натижада манзил-аэропортда рейсдаги кишилардан 8 нафари шифохонага олиб борилган. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Воқеа Qatar Airways авиакомпаниясининг Boeing B787-9 русумли самолётида юз берган.
Дублин аэропорти ахборотига кўра, самолёт Туркия узра учиб ўтаётганида турбулентликка тушиб қолган, бундан 6 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси жароҳат олганини билдирган. Самолёт қўнгач, улардан 8 нафари шифохонага олиб борилган.
Рейснинг Пол Мокк исмли йўловчиси ирланд телевидениесига берган интервюсида айтишича, одамлар турбулентлик тўлқини сабаб бошини самолёт шифтига уриб олган, озиқ-овқат ва ичимликлар ҳаммаёққа сочилиб кетган. У кейинроқ экипаж аъзоларини бинт боғлаган ҳолда, оқсоқланиб юрганини кўрган.
Qatar Airways ўз баёнотида йўловчилар ва экипаж аъзоларидан бир неча нафари “кичик жароҳатлар” олгани, уларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, масала бўйича ички суриштирув ўтказилишини билдирди.