Эронда 28 июн куни муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилади

Эронда 28 июн куни муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилади

Эронда 28 июн куни муддатидан олдин президент сайловлари ўтказилади. Мамлакатнинг собиқ президенти Иброҳим Раисий шу йилнинг 19 май куни авиаҳалокатга учраганидан сўнг муддатидан олдин сайловлар ўтказишга қарор қилинган эди.

Жумладан, 30 майдан 3 июнга қадар номзодлар рўйхатга олинди. 12 июнда эса сайловолди тарғибот кампаниясига старт берилди. Кампания сайловдан бир кун олдин, яъни 27 июн куни эрталаб тўхтатилади. Агар 28 июнда қатъий натижа олинмаса, 5 июл куни сайловларнинг иккинчи тури ҳам ўтказилиши мумкин.

Сиёсатга қизиқиш кучли

Эрон халқи мамлакат ички ва ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизликларни яхши идрок қилади. Бунинг сабабчиларини ҳам деярли аниқ билади. Айниқса иқтисодий аҳволнинг ёмонлашиб бораётгани ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар сиёсий ислоҳотларга интиқликни кучайтирмоқда.

Айниқса 2022 йил 16 сентябрда ёш Махса Аминийнинг полиция идорасида сирли равишда вафот этгани эронликларни жунбушга келтирди. Намойишлар ва тартибсизликларга сабаб бўлди. Фуқаролар уруши бошланиб кетишига сал қолди.

Қолаверса, Эрон ядровий дастури ортидан келиб чиққан халқаро иҳоталаниш ва санкциялар миллий иқтисодиётни оғирлаштириб юборган. Жумладан, Хусусан, 2024 йилда инфляция ўтган йилдагига нисбатан 40,8 фоизга ошган.

Президентликка номзодлар

Эронда сайловларда қатнашувчи номзодларни рўйхатга олиш жараёни 5 кун давом этиб, 80 га яқин номзод рўйхатга олинди. Ҳатто 4 нафар аёл – Эрон парламентининг собиқ депутатлари Зуҳра Илоҳиён, Саййида Ҳамида Зарабодий, Ҳожар Чинороний ва Рафат Байят ҳам рўйхатга олинди. Кейинчалик Зуҳра Илоҳиён аризасини қайтариб олди.

Ислом инқилоби қўриқчиларининг махсус гуруҳи рўйхатга олинган номзодларнинг “муносиблигини аниқлаш” мақсадида уларни 4 июн – 10 июн кунлари текширувдан ўтказди.

Афсуски якуний рўйхатга аёллар киритилмади. Айрим тахминларга кўра, ушбу рўйхатни тузган ташкилот номзодларнинг ҳукуматга ва Оятуллоҳга қанчалик садоқатли эканига қараб рўйхатни шакллантирган.

Шу тариқа қуйидаги шахслар президент сайловларида иштирок этадиган бўлди:
• Муҳаммад Боқир Қолибоф — парламент спикери, Теҳроннинг собиқ ҳокими, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ қўмондони.
• Саид Жалилий — Мақбуллик кенгаши аъзоси, ядро дастури бўйича собиқ бош музокарачи.
• Али Ризо Зоконий — Теҳрон ҳокими.
• Масъуд Пезешкиён — парламент депутати.
• Мустафо Пурмуҳаммадий – собиқ Ички ишлар ва адлия вазири.
• Амир Ҳусайн Қозизода Ҳошимий — Шаҳидлар ва ветеранлар иши бўйича бўйича Фонд раҳбари.

Номзодлар сайловолди баҳсларида Эрондаги иқтисодий муаммолар учун ҳукуматни айблашди. Деярли барча номзодлар санкцияларни бекор қилдиришга эришиш, сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, туризмни ривожлантириш, тиббиёт соҳаси ходимларининг маошларини ошириш ва бошқа ислоҳотларни ваъда қилишди.

Фаворитлар

28 июнда ўтадиган сайловларда Қолибоф ва Жалилийнинг ғалаба қилиш имкониятлари каттароқ экани тахмин қилинмоқда.
Охирги сўровларга қараганда, Қолибоф учун эронликларнинг 28,7 фоизи, Жалилийга эса — 20 фоизга яқини овоз беришга тайёр. Учинчи ўринни эса 13,4 фоиз овоз билан Пезешкиён эгаллаган.

Қолибоф консерватор бўлса-да, мўътадил сиёсий қарашларга эга номзод.

Жалилий эса ўта қаттиққўл сиёсат юритишга мойил сиёсатчи. У президентликка сайланса, инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият янада оғирлашиши прогноз қилинмоқда. Жалилий – Эрон сиёсий элитасининг ҳам фаворит номзоди.

Қолибоф ҳам Оятуллоҳ Ҳоманаи ва Инқилоб қўриқчилари корпуси билан яхши муносабатда бўлсада, ултраконсерватив сиёсатчиларга ёқмайди. Улар ҳатто ОАВ орқали Қолибофга қарши ахборот кампаниясини юритишмоқда.

Номзодлар орасида фақат Масъуд Пезешкиён ислоҳотчи қатлам вакили ҳисобланади. Пезешкиён бошқа номзодлар каби элита билан қалин дўст бўлмаса-да, уни Эрон шимоли-ғарбидаги миллионлаб этник озарбайжонлар қўллаб-қувватлашади.

Бироқ Пезешкиённинг президент бўлиши учун аҳолининг сайловларда қатнашиш истаги ўта пастлиги халақит бериши мумкин.

Эронни нима кутяпти?

Эронликларнинг сиёсатга қизиқиши катта бўлса-да, янги сайланган президент мамлакат сиёсатига деярли таъсир кўрсатмаслигини жуда яхши билишади. Бу ерда президент – Оятуллоҳ сиёсатининг ижрочиси холос. Қолаверса, номзодлар ҳам Оятуллоҳ танлаб берган сиёсатчилардир.

Шу боис, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнидаги иштироки ўта суст бўлиши прогноз қилинмоқда. Ҳукуматдан норози, ислоҳотлар ўтказилишига умиди сўнган эронликлар шунчаки сайловларни бойкот қилиши мумкин. Шу йўл билан сайловлар ва янги президентнинг легитимлигига шубҳа уйғотишга ҳаракат қилади.
Ҳукуматга тегишли бўлмаган ОАВлар “сайловлар ҳеч нарсани ўзгартиришга қодир эмас”, деб, аҳолини сайловларни бойкот қилишга чақирмоқда.

Президентга ҳам осон эмас

Бироқ янги президент турғунлик шароитида беташвиш сиёсат юритади, деб бўлмайди. У улкан иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга уриниши талаб этилади. Шунингдек, санкцияларни “бир ёқлик” қилишга тўғри келади.

Қолаверса, Исроилнинг Фаластиндаги уруши ҳам Эрон президенти учун ўта жиддий-тарихий синов бўлиши мумкин.

Абдуллоҳ Саййид

Дўстларингизга ҳам юборинг: