Озарбайжон Арманистон билан тинчлик шартномасини тузиш шартини маълум қилди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, Боку ва Ереван бир неча ой ичида тинчлик битимининг асосий тамойилларини тайёрлашни якунлаши мумкин.
Бироқ сиёсатчи аниқ саналарни очиқламаган.
Боку ва Ереван тинчлик шартномаси матни устида ҳеч бўлмаганда асосий тамойиллар бўйича бир неча ой ичида ишни якунлаши мумкин, — дейди Алиев.
Маълум бўлишича, томонлар аввал келишувнинг асосий бандларини тасдиқлайдилар, кейинроқ эса тинчлик шартномаси матнининг қолган қисми устида ишлашни бошлайдилар. Шу билан бирга, Озарбайжон раҳбари келишувни имзолаш Арманистон конституцияси ўзгартирилгандан кейингина мумкинлигини таъкидлаган.
Алиевга кўра, қўшни давлатнинг асосий қонунида Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволарга сабаб бўладиган бандлар бўлмаслиги керак.
Аввалроқ Арманистон бош вазири Николь Пашинян Озарбайжон билан тинчлик келишуви деярли тўлиқ тайёр эканлигини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, чегара делимитацияси бошланишига Франция президенти Эммануэл Макрон, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель, Алиев ва Пашиняннинг ўзи билан тўрт томонлама учрашувлар ёрдам берган.