Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (1-қисм)
Уни камерага олиб киришди ва устидан шарақ-шуруқ этиб қулфлашди. Бир муддатдан сўнг худди шу эшик яна шарақлаб очилди. Иккита ҳўкиздай одам кириб келди. Улар юзига ниқоб тақиб олишганди. Билаклари бундайроқ одамнинг сонидай келарди…
— Қалайсан, бойвачча?! — деди улардан биттаси дўриллаган овозда.
Ўткир унинг гапига жавоб беришга улгурмасидан иккинчи барзанги қулочкашлаб жағига мушт туширди. Шу заҳоти Ўткирнинг кўз олди қоронғилашди. У иккинчи зарба қорнига текканини сезмади ҳам. Гурсиллаб йиқилди…
Куни кеча унинг соясига салом берадиганлар навбат кутиб туришарди. Куни кеча ялтоқланадиганларнинг қўллари кўксида эди… Куни кеча унинг шунчаки айтган гапи ҳам бир китоб мазмунни берарди… Куни кеча манавилардан икки марта гавдали йигитлар «Хизмат айтинг», дея икки букилишарди… Чунки унинг пули жудаям кўп эди. Ҳозир ҳам кўп. Анавилар ялтоқланиб пулларидан умидвор бўлишган эди… Булар зўравонлик билан Ўткирнинг пулларини тортиб олишмоқчи… Ўткирнинг суяклари бирма-бир сина бошлади. Ҳар синганида қарсиллаган товуш чиқади. Аввалгиси унинг қулоғига чалинганди… Кейингиларини эшитмади…
Зўравонлар чиқиб кетишаётганида Ўткир қимир этмасди…
Орадан ярим соатча ўтиб, докторлар кириб келишди. Улар чалажон бўлиб ётган Ўткирни бирдан текширишмади. Бир муддат тепасида қараб туришди.
— Тирикка ўхшайди, — деди қорин қўйган доктор.
— Ҳмм, — деди новчаси.
— Нима қиламиз?..
— «Сангород»га олиб бориш керак. Ўлгунича у ер-бу ерини тикиб, ямаб қўймасак, балога қоламиз.
Бақалоқ доктор бирдан новчани туртиб қўйди. Чунки новча эҳтиётсизлик қилиб қўйган эди-да…
Ўткирнинг жони тошдан экан. Лекин ўлгани минг марта яхши эди. Бир марта азобланарди, шу билан қутуларди… Олдинига уни операция қилишди. Суякларини жой-жойига қўйишди. Гипслашди. Яна қанча дори-дармон қилишди. Шу билан нақ ўн беш кун деганда, кўзини очди… Худди бу дунёга биринчи маротаба келиб қолгандай эди у. Бу дунё унга нотаниш эди. Шу боисдан ҳар бир нарсага зўр қизиқиш билан қаради. Ҳатто у докторларни кўрганида ҳам ажабланди… У ётган тиббий камерада яна иккита бемор ҳам бор экан. Ҳар иккиси ҳам касаллигининг орқасидан келиб қолган. Бири кўричак бўлган, иккинчиси ўпка касалини орттириб олганди. Гурс-гурс йўталарди…
Улар кўзини очган Ўткирга маънисиз қарашди.
— Сув, — деди Ўткир.
— Сувни онангнинг уйида ичасан, — деди кўричак бўлган бемор маҳкум, — қалай, роса элакдан ўтказишдими?! Ҳамма қойил қоляпти. Дўхтирлар ҳам. Ўлиб кетиши керак эди, дейишди.
— Ажали етмаганидан кейин танк босиб ўтсаям ўлмайди, — деди ўпка касал Ўткирнинг ўрнига.
— Сув, — деди яна Ўткир.
Унинг томоғи қуруқлашган, ҳаттоки ютай деса тупуги ҳам қолмаган эди. Нажот истаб ҳамхоналарига тикилганди у. Бечора эди у… У илгари оддий сув ичмасди. Тозаланган сув ичарди. Чойи ҳам шу сувда қайнатиларди. Овқати ҳам шу сувда тайёрланарди… Ҳозир эса лойқа, ифлос сувга ҳам рози эди у. Суюқлик бўлса бўлди. Томоғини ҳўллаб қўйса бўлди. Шу билан армони ушалади.
Унинг бечора қараши кўричак маҳкумга таъсир қилди. Турди, бориб бурчакда, девордан чиқиб турган, занглаган жўмракдан синиқ стаканга сув олди. Келтирди. Лекин Ўткирнинг ўзи сув ичолмайди. Қўллари синган. Гипс. Қимирлатолмайди. Қимирлатса кўкси оғрийди.
— Мен… — деди зўрға овоз чиқариб.
— Биламан, — деб кўричак маҳкум унинг оғзига идишни тутди.
Ҳозир Ўткир учун мана шу одамдан улуғ, мана шу одамдан мўътабар, мана шу одамдан сахий инсон йўқ эди. Бу одамни шунчалик яхши кўриб кетдики, адоғи йўқ, агар имкони бўлганида маҳкам бағрига босарди…
— Раҳмат, — деди у томоғи ҳўлланганидан кейин.
— Билишимча, роса бой одам экансан, — деди маҳкум жойига бориб ўтирганидан кейин, кўзларини бақрайтириб…
Ўткир унга жавоб берадиган аҳволда эмас эди. Ҳозир бойлиги тугул, ўзининг кимлигини, қаерда ётганини, нега ҳамма ёғи дока билан ўралганини билмас эди. Шу боисдан ҳам кўричак маҳкумга меровсираб қараб турди.
— Менинг исмим Абдуқаюм, ўғрилик билан қамалганман. Тушундинг?!
Ўткир тушунмади. Деворга қаради. Кейин ўпка касал маҳкумга қаради. Сўнг секин кўзини юмди. Чунки кўзи толиққанди. Шу қисқа муддатда толиқди. Сабаби, киприкларини кўтариб туришга ҳам унда куч йўқ эди…
Эшик очилди. Шифокорлар келишди. Башаралари совуқдан-совуқ эди. Улар нафрат билан, худди ўлаксани кўргандай Ўткирга қарашди.
— Ётибсанми? — деди биттаси.
— Кўзини очди, — деди шу заҳоти Абдуқаюм ҳозиржавоблик билан Ўткирнинг ўрнига.
— Нима деди?..
— Ҳеч нима?! Сув сўради. Икки қултум ичди. Мен бердим. Кейин яна кўзини юмиб олди.
Доктор Ўткирнинг томоғига бармоғини қўйди. Юрак уришини эшитди. Сўнг қаддини ростлаб шеригига қаради-да:
— Жуда нимжон, — деди.
— Жони бўлса бўлди, одам қиламиз. Бўлмаса, эшитдинг-ку…
Улар чиқиб кетишди. Шу заҳоти Абдуқаюм Ўткирнинг бошига югуриб келди.
— Менга қара, эшитяпсанми?.. Эшитяпсан, биламан. Сен керакли одам экансан. Менга қара, мен сенга ёрдам бераман, текинга эмас, лекин…
— Қўйсанг-чи, — деди унгача бир неча марта гурс-гурс йўталган ўпка касал.
— Сенинг ишинг бўлмасин. Аввал ўзинг бошқа томонга қараб йўтал, бўлмаса, менга юқтириб қўясан. Сенинг калланг ишламайди. Ишлаганида минг йилдан бери зах ерда ётмаган бўлардинг. Бу бой одам. Пули жудаям кўп. Биз ўйлагандан ҳам кўп… Анавилар ҳамма пулини олишолмаган. Шунинг учун дўхтирларнинг ёқасидан ушлашган… Тўхта, сен менинг манави ярамга, биқинимга ўхшатиб бир ур. Операция жойим очилиб кетсин. Йиқилиб тушдим, дейман. Шунда яна анча вақт бу ерда қоламан. Агар манавиндан пул ундирсам, сенга ҳам бераман… Лекин шундай ургинки, ўлиб қолмай…
— Туллаклигингни билмайманми?! Сен, аферист, қанча одамнинг уйини куйдириб юборгансан. Бу ҳозир ўламан…
Шомурод гапини охиригача етказолмай, йўталишга тушди. У қоқ суяк эди. Энди қамалганида бақбақалари осилган, қорни олдига сиғмайдиган, семиз эди. Бироқ узоқ муддат қамоқхонада ўтириш, дард орттириб олиш уни мана шу кўйга солди. У қамоқхонанинг ҳамма қонун-қоидаларини сув қилиб ичиб юборган. Йўқ жойдан бу ерда айбдор бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас. Ва яна бу ерда ҳеч қачон биров бировга ишонмайди. Айниқса, Абдуқаюмга ўхшаганлар, илоннинг ёғини ялаганлар, улар бақрайиб туриб алдашади. Бунақалар хокисор бўлиб чув туширишади. Бунақаларнинг дарди фақат фойда кўриш… Фойданинг шакли муҳим эмас. Асосийси, фойда бўлса бўлди…
Абдуқаюм унга ўқрайиб қараб турди, сўнг чирт этказиб ерга тупурди-да, югуриб бориб ўзининг тўшагининг остидан пескани олди ва Шомуродга кўрсатди.
— Менинг ҳеч нимадан қайтмаслигимни яхши биласан, шундай экан, айтганимни қиласан. Сўяман, сўяман! Саккиз йил ўтирдинг. Янаги йилда чиқишинг керак. Янаги йилни кутиб ўтирасанми? Бу йилнинг ўзида озод бўлишингга ўзим қарашиб юбораман. Мени уйим турма. Беш марта ўтирганман. Яна ўтираман. Яна ўтираман!..
— Ура-ман! — деди Шомурод бўғилиб.
— Баракалла! Ақллисан. Биттада тушунасан! — деб Абдуқаюм пескани олган жойига қўйди.
Шомурод амаллаб каравотига таяниб ўрнидан турди…
— Ярамас, фақат яқинимга келма, муштинг етадиган жойда турсанг бўлди, — деди унга кўричак маҳкум.
— Хавотир олма. Лекин шундай тушираман, нақ энангни учқўрғондан кўрасан! — деди Шомурод ва яқинлашиб келди.
У мўлжаллаб, кучини тўплаб ўтирмади. Бирдан мушт туширди. Жони борича урди. Абдуқаюмнинг ўйноқи, олайган кўзлари баттар олайиб кетди. Унинг нафаси бир муддат ичига тушди… Шомурод эса шоша-пиша жойига ётиб олди ва шундан кейингина Абдуқаюм ўкириб юборди ҳамда ўзини полга ташлаб, икки букилиб қолди.
— Итдан тарқаган! — деди шу ётганича кўзидан ёшини оқизиб…
Ўткир уларнинг гапини тўла-тўкис эшитган эди. Онги қайтганди унинг. Эшитган гапларини тушуна оларди у. Ғўдайган, кеккайганнинг гапига қараганда Ўткир бой-бадавлат. Ва яна кимлардир унинг ҳамма пулларини олишолмаган. Шунинг учун ҳам у керакли одам… Қанақа пулларим бор?! У қаерда турибди? Мен кимман ўзи? Бу ўйлар унинг хаёлини эгаллаб олганди. У яна оҳиста кўзини очди. Полда инграётган Абдуқаюмни кўрди. Ачинди. Ахир у Ўткирнинг оғзига сув тутганди. Яхшилик қилганди. Яхшиликни эса қайтариши керак. Аммо сира иложи бўлмаяпти, ҳозир сал қимирласа, аъзои-бадани зирқираяпти… Камера эшиги шарақ-шуруқ қилди.
Докторлар яна қайтишган эди.
— Падарингга лаънати, ҳаромхўр, нима қилиб букилиб ётибсан?! — дея бақирди докторлардан бири Абдуқаюмга.
— Доктор! Доктор!! Доктор!!! Йиқил…
Кўричак маҳкум охиригача гапиролмади. Тўғрироғи, унинг гапиришига қўйишмади.
— Эй-й, оначангни!.. — деб бошқа бир доктор яп-яланғоч қилиб сўкди.
Икки дўхтир Абдуқаюмни икки томонидан ушлаб кўтаришди-да, каравотига отиб юборишди. Шўринг қурғур маҳкум ўкириб юборди.
— Ярасини кўр, — деди билаклари бақувват шифокор шеригига.
Шериги Абдуқаюмнинг кўйлагини кўтариб, афтини бужмайтирди.
— Ёрилибди. Ярамас, жим ётсанг ўлармидинг, ликиллаб ҳамма ёққа чопавермасдан… Энди шу туришингда ётасан!..
Шундан кейин шифокорлар Абдуқаюмнинг инграшига эътибор ҳам беришмади. Улар ўзлари билан олиб келган асбоб-ускунани Ўткирнинг оғзига тиқишди.
— Овқатинг, — деди ўша бақувват доктор.
Ўткир ютоқиб қандайдир суюқликни ича бошлади. Ичгани сайин, тетиклашаверди. Ичгани сайин кўзлари равшанлашаверди. Ичгани сайин хотираси ҳам тиниқлашди… Докторлар эса чиқиб кетишди. Кўричак маҳкумни кўтаришиб…
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)