Тахиатошлик ота суд залида фарзандларига алимент ўрнига уй ҳадя қилди
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан ундирувчи онанинг фойдасига тарбиясидаги уч нафар фарзандининг таъминоти учун қарздор отадан ҳар ойдаги жами даромадининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Алимент пулларини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли МИБнинг Тахиатош туман бўлими томонидан эркакнинг Ўзбекистондан четга чиқиш ҳуқуқига нисбатан чеклов ўрнатилган.
Унинг алиментдан қарздорлиги 36 млн. сўмдан ошиб кетганлиги сабабли, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судига ўтказилган.
Суд залида қарздор ўзига тегишли бўлган, Тахиатош тумани, Найман ОФЙ.да жойлашган икки хонали уйини фарзандлари вояга етгунга қадар тўланиши лозим бўлган алимент эвазига ундирувчига ҳадя этган.
Шу муносабат билан, ундирувчи Е.Т. алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этмасдан қайтаришни сўраган ва ижро иши тамомланган.