«Касперский лабораторияси» АҚШ бозорини тарк этади

«Касперский лабораторияси» АҚШ бозорини тарк этади

Россиянинг кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимларини ишлаб чиқишга ихтисослашган «Касперский лабораторияси» 20 июлдан бошлаб унга нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли АҚШдаги фаолиятини босқичма-босқич тўхтатишини маълум қилди, дея хабар бермоқда рус ОАВ компания баёнотига таяниб.

«Компания АҚШ меъёрий талабларининг оқибатларини синчиклаб кўриб чиқди ва баҳолади ҳамда Америка Қўшма Штатларидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қайғули ва қийин қарор қабул қилди, чунки у ҳозирда бу мамлакатда бизнес юритиш учун ҳеч қандай истиқбол кўрмаяпти», — дейилади ҳужжатда.

Баёнотда айтилишича, Америка бозорини тарк этиш қарори «АҚШ Савдо вазирлигининг «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини ушбу бозорда сотиш ва тарқатишни тақиқловчи резолюцияси натижасида» қабул қилинган. Компания Америка Қўшма Штатларида деярли 20 йил давомида «ташкилотлар ва фойдаланувчиларни кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиб» ишлаётганини эслатди.

Июн ойида Оқ уй томонидан киритилган санкциялар «Касперский лабораторияси» дастурий таъминотини Қўшма Штатларда қўллашни тақиқлади.

АҚШ ҳукумати бир неча бор «Касперский лабораторияси»ни Россия разведка хизматлари билан алоқада бўлганликда айблаган. «Касперский лабораторияси» Россия разведка хизматлари билан алоқаларини рад этди.

2022 йилда АҚШ Федерал алоқа комиссияси «Касперский лабораторияси» маҳсулотларини ускуналари мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи компаниялар рўйхатига киритди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: