Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (21-қисм)

Фазлиддиннинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Ахир Малоҳатга ўзидан бошқа эга чиқишини тасаввур қилолмайди. Бундай бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблайди.

— Хўш, — деди у ичидагини сиртига чиқармай, — кейин-чи?

— Иккитаси ўзининг синфдоши. Улар хавфлимас, биламан. Мен яхши кўраман, бало қиламан, баттар қиламан, дейди-ю, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Лекин учинчиси жуда хавфли, у биздан икки ёш катта. Институтда ўқиркан. Танийсан. Рисолатнинг акаси. Синфдошинг Рисолат. Қуйиқишлоқлик. Ўзинг бир ҳисоблаб кўр: бу йил майда у армияга кетадими? Кетади. Икки йилдан кейин келадими? Келади. Малоҳат бўлса, айни мактабни битирган бўлади. Сен эса армияга кетган бўласан.

Фазлиддин кулди, кейин бошини қашлади.

— Шунча нарсани қаердан олиб гапиряпсан?

— Бу ер қишлоқ, айтилган нарса ерда ётмайди. Бир деганда ҳамма эшитади. Биздан яшириб Малоҳатларникига борганингни ҳам билдик-ку.

— Биринчидан, мен у ерга бошқа мақсадда борганман, — деб Фазлиддин совиб қолган чойдан бир ҳўплади, сўнг гапини давом эттирди, ўша тарихий воқеаларни айтиб берди: тарихда бўлган, лекин китобга киритилмаган воқеалар.

Шокир бундай нарсаларга жуда қизиқарди. Жон қулоғи билан эшитди. Аммо, барибир, охирида Фазлиддиннинг сўзларига ишонмаганини қистириб қўйди.

Шокирни бошқа нарса ўйлантирарди. Аслида, унинг ўзи Малоҳатга ошиқ эди. Худди Фазлиддин каби уч-тўрт йилдан бери. Бироқ у бу ҳақда бировга гулламаган. Шунингдек, қизнинг эътиборини тортадиган бирор иш ҳам қилмаган. Ҳаммаси зимдан эди. Ҳозир эса атайин Фазлиддиннинг ичига чўғ ташлаб, уни Малоҳатдан совитишни ният қилганди. Чунки Фазлиддин билан Малоҳат тўғрисида озми-кўпми гап тарқаганди…

Шокир бошқа болалар билан гаплашишга тушди. Фазлиддиннинг хаёли эса Малоҳат билан банд бўлди. Жўраларининг гаплари унга зерикарли туйила бошлади. Чунки ҳеч биттасида аниқ мақсад кўринмасди.

— Жўра, ўқишни битириб, нима қиласиз? — дея сўраб қолди Алишер.

— Институтга кирсам керак, — деди Фазлиддин.

— Отам мени училищедан мактабга олмоқчи. Битта мактабнинг директори билан гаплашиб ҳам қўйибди.

— Менимча, мактабда ўқисангиз яхшироққа ўхшайди. Болаларнинг гапларидан умуман ҳеч ким ўқимаётганлиги шундай билиниб турибди. Шунчаки вақт ўтарга бориб келишаркан. Мактабда, барибир, ниманидир ўрганасиз. Кейин ўқишга киришингиз ҳам осон бўлади.

Алишер бошини қашлади. Аммо ўзининг нияти нима эканлигини айтмади.

Ўтириш ярим кечагача чўзилди. Улар тарқалишди. Ташқарида шамол тўхтаган, бироқ ҳаво совуқ эди: одамнинг юзидан чимчилайди. Жўраларнинг ҳаммаси уйларига равона бўлишди.

Кейинги кунни Фазлиддин зўр қийинчилик — зерикиш билан ўтказди. Илло у елкасида юк билан юришга ўрганиб қолганди. Уйда эса унинг учун юк йўқ. Биров бир иш буюрмайди. Қиламан деса, ўзи ҳам тополмайди. У ёғи Малоҳатнинг соғинчи. Қолаверса, кеча Шокирнинг оғзидан эшитганлари ҳам хаёлидан сира кўтарилай демайди. Аммо уларникига ҳам боролмайди. Нима деб боради?

Ноилож пешиндан кейин Алишернинг ёнига борди. У сир сақлай оладиган, камгап бола. Бироқ унга-да ичидагини айтишнинг имкони йўқ. Шунчаки гаплашиб ўтирди. Аслида, Алишер ҳам бегона эмас, холаваччасининг ўғли. Тенгқур бўлгани учун қариндошликдан кўра жўрачилик кучайиб кетган.

У уйига келиб, аср намозини ўқиди. Кейин қолган қазо намозларини елкасидан соқит қилди. Ахир ўқишдан қайтаётганида намозлари қолиб кетган эди-да.

Сўнг онаси билан гаплашиб ўтирди. Онаси диний гап-сўзларни эшитишни яхши кўради. Ўзининг айтишига қараганда, отасининг саводи анча яхши бўлган экан. Ҳатто қишлоқдаги баъзи одамларга намоз ўқишни ўргатган экан.

Кейин отаси билан суҳбатлашди. У шу икки кун мулла бобонинг ёнига борибди. «Болам намоз ўқияпти, мен бўлсам ҳалиям чориғимни судраб юрибман. Каллада ҳеч вақо йўқ. Биров ўргатмаган ҳам. Бу ёғи ёш кетаяпти. Ўргатинг», дебди. Бундай гаплар Саидумар муллани яшнатади. Юз-кўзлари гулгун бўлади. У дарров сабоқни бошлаб юборибди.

Фармон ака ўғлига дафтарни кўрсатди.

— Мана, сураларни ўзимизнинг ёзувда ёзиб берди. «Ёдланг», деди. «Бир ҳафтада намоз ўқийдиган бўласиз», деди. «Аслида, умуман ҳеч нимани билмасангиз ҳам намоз ўқишингиз мумкин. Аммо буниси жуда ожизлигингиз белгиси. Шунчаки ўзбекча ният қиласиз, кейин у ёғи Аллоҳ билан хаёлан боғланасиз ва руку, сажда қилаверасиз. Ҳеч нима қилмагандан кўра шуниси афзал», деди, — дея падар жовдирабгина ўғлига қаради.

Фазлиддиннинг ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Илло, у отасини биринчи марта бундай бечора аҳволда кўриб туриши эди.

— Ота, сиз калласига бир ҳарф ҳам кирмайдиган одамлардан эмассиз. Неча марталаб ёш пайтингизда бўлган воқеаларни гапириб бергансиз. Демак, хотирангиз зўр. Бир ҳафтамас, икки кунда ўрганиб оласиз. Кейин мен ҳам қўлимдан келганча ёрдам бераман, — деди.

Фармон аканинг юзида табассум пайдо бўлди ва у энг биринчи ёдлаган «Фотиҳа» сурасини айтиб берди.

— Ана кўрдингизми? — дея қувонди Фазлиддин (ваҳоланки, отанинг талаффузида нуқсонлар бор эди). — Икки кунда ёдлаб олибсиз. Яна бир кундан сўнг бемалол намоз ўқийверасиз.

— Ҳозир, — деб ота ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Бир муддат уйга кирмади.

Сўнг кириб:

— Юр, — деди.

Улар қўшни хонага киришди. Ота Фазлиддинга намоз ўқишни, овоз чиқариб жуда секин ўқишни буюрди. Фазлиддин унинг айтганини қилди. Сўнг ота жойнамоз устига ўтди. Билганича ўқий бошлади. Нимани тиловат қилишни билмай тўхтаб ҳам қолди. Ана шундай пайтда Фазлиддин айтиб турди.

Фармон ака жуда хурсанд эди. Ахир ўнинчи марта ўқиётганида тўхтамади. Намози бир маромда кечди. Албатта, талаффузи яна ўхшамади. Бироқ бу ҳақда Фазлиддин гапирмади. Буни вақтнинг ўзи тўғрилаб қўяди, дея кўнглидан ўтказди.

Эртаси куни — ўттиз биринчи декабрда ота яна кундузи уйда бўлмади.

— Отанг сен келгандан бери жуда ўзгарди, — деди онаси, — излаб юрганини энди топгандай, ёш болага ўхшаб хурсанд юрибди.

Бу сўзлар Фазлиддинни ҳам хурсанд қилди.

Қишлоқда шундай одат бор: эски йилнинг сўнгги куни ҳали қуёш ботмасидан, қоронғилик тушмасидан қариндош-уруғникига, таниш-билишларникига бирма-бир кириб чиқилади. Янги йил билан табриклашади. Кейин «қиттай-қиттай» ҳам қилишади. Қарабсизки, уйга келгунича ширакайф бўлиб қолишади. Кўпчилик шундай. Фақатгина ўзига ўта пишиқларигина тик оёқда кириб келади уйига.

Мана шу одат Фазлиддинга қўл келди. У укаси Баҳодирнинг велосипедини олди. Ука норози бўлди. «Шу совуқда, шу қорда қайси аҳмоқ велик минади?» деди.

— Мен, — дея ўзини кўрсатди Фазлиддин, — ўша аҳмоқ мен-да.

Ука ҳақ бўлиб чиқди. Изғиринда велосипедда юришнинг ўзи бўлмас экан: шамол кучаяди, у ўткир тиғга айланиб юзингга урилади. Бунинг устига, ер музғалоқ. Машиналар юриб музғалоқ қилиб ташлаган. Кун бўйи қор эримаяпти. Сабаби ўша — ҳавонинг совуқлигида.

Фазлиддин Малоҳатларникига боргунича шолғомдай қизариб кетди.

Унинг бахти бор экан: Малоҳат ташқарида экан. Умуман, уйдагиларнинг (муаллим ва унинг аёлидан бошқа) деярли ҳаммаси ҳовлида юришарди. Аммо Фазлиддиннинг ёнига биринчи Малоҳат борди. Йигитнинг ёнига етар-етмас салом берди.

— Тўхтанг, — деди сўнгра, — мен сиздан қасдимни олволай.

— Қандай қасд? — дея сўради Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

Унинг юраги шунақанги тез урардики, совуқ қотганини мутлақо унутганди.

— Ёзгандим-ку мени қор билан урганингизни. Бошқа пайт бундай имконият бўлмайди, — дея қиқирлаб кулди Малоҳат.

— Ҳа, бўлди, — деб ортига ўгирилди Фазлиддин, — мен тайёрман.

Малоҳат қор отмади, балки кафтига қор тўлдириб, уни Фазлиддиннинг орқа ёқасидан кийимнинг ичига тиқиб юборди.

Йигитнинг бирдан эти жимирлади.

— Воҳ, воҳ! — дея сакрай бошлади.

— Ҳой! — деган овоз келди ҳовли томондан. — Нима қиляпсан?!

Малоҳат баттар қиқирлаб кулди.

— Ўчимни оляпман! — деди опасига.

— Бу қиз тентак-пентак бўлиб қолган. Уятсиз, шарманда! Бу ёққа ўт!

— Хўп! — деди Малоҳат опасига жавобан.

— Лекин бопладингиз, — дея Малоҳат томонга ўгирилди Фазлиддин, — агар ўч олишингизни билганимда, тайёргарлик кўриб келардим.

— Ҳимм, ҳали шунақами? Мана бўлмаса! — деб қиз Фазлиддинга қор ота бошлади.

Фазлиддин эса шоша-пиша қўйнидан совғасини чиқарди: «плиточный» шоколад.

— Мана, мана! Тавба қилдим! Эвазига мана буни олиб келдим! — дея кулди Фазлиддин ҳам.

Қиз шоша-пиша унинг қўлидан шоколадни олди. Шу билан бирга, Фазлиддиннинг номасини ҳам. Хатни дарров яширди. Аммо ширинлик учун ҳам опасидан гап эшитишини биларди. Бироқ қутулиб кетса бўлади. Ҳар қалай, опаси уни калтакламайди-ку, уришади. Ота-онасига эшиттирмай уришади. Кейин шоколаднинг бир бўлакчасини егач, шаштидан тушади.

— Порами? — деди у кулиб.

— Пора, пора. Ҳар доим ножўя иш қилиб қўйсам, мана шундай пора бераман.

Саида қараса, синглиси ҳали-бери ортига қайтадиган эмас. Қишлоқда ҳаммаёқ очиқ. Қўни-қўшнилар бор. Агар Малоҳатнинг бегона бола билан мана шундай шўхлик қилаётганини кўриб қолишса, бир қоп гап пайдо бўлади.

У келди.

— Уйга ўт! — дея Малоҳатни енгилгина койиди, сўнг Фазлиддин билан кўришди. Бошқа бўлганида, бундай қилмасди. Аммо Фазлиддин… Унга иши тушадиган бўлиб турибди. Ахир мактабни битиришига оз қолган. Ўқишга кириши керак. Бунинг учун бу йигитчадан фойдаланишни ният қилиб қўйган. Отаси гарчи муаллим бўлса-да, қизини шаҳарга қўйиб юборадиганга ўхшамайди. «Қиз бола — уй бекаси. У бирор жойда ишлаб юриши шарт эмас», деб қўяди ора-чорада. Бу ҳеч қаерга бормайсан, деган шаъма. Бироқ Саида институтда ўқишни астойдил ният қилган.

— Ўҳҳў, юзларинг қизариб кетибди. Юр уйга. Малоҳатда калла йўқ. Совуқ қотган одамни қор билан уришга бало борми қўшимчага эшимча қилиб? Тез кир уйга, — деб Саида синглисига мушт кўрсатиб қўйди.

Ҳали айтганимиздай, уйда болалардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Муаллим аёли билан бирга укасиникига кетган.

Янги йил дастурхони аллақачон тайёр экан. Саида Малоҳатга иш буюрмасдан, ўзи чой дамлагани чиқиб кетди. Ҳовлида унинг укаларини койигани эшитилди. Чунки укалар сирпаниш билан овора бўлишиб, кеч бўлганини, уйга кириш кераклигини унутишганди. Улар ҳатто Фазлиддин билан кўришгани ҳам келишмади.

— Мен, — деди Фазлиддин, — хатингизни ёд олдим. Яна ёзасизми, деб кутдим. Лекин ёзмадингиз.

— Нима деб ёзишни билмадим, — дея жавоб берди Малоҳат, — лекин мен ҳам арабча ҳарфларни ёдлаб олдим. Ҳар куни ёзаман. Қизиқиб қолдим. Энди безаб ёзишга ўтдим.

— Зўр бўлибди. Энди бемалол…

— Хат ёзманг. Бошимни кўтаролмай қолдим. Ҳамма сиз тўғрингизда гапиради. Дугоналарим кўзимни очирмай қўйишди. Булардан бехабар отам икки-уч марта мактабда ҳамманинг олдида сизни мақтаб қўйди. Уялаяпман. Яна нимадир олиб келдингизми отамга?

— Ҳа, — дея бош ирғади Фазлиддин.

— Оббо! — дея қизарганча Фазлиддинга қараб қўйди Малоҳат.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: